Кеча 26 ноябрь куни Тошкентдаги “Radisson Blu” меҳмонхонасида сув тежамкорлиги масалаларига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида тақдим этилаётган “ТОМЧИ” мобиль иловасининг тақдимот конференцияси бўлиб ўтди. Тақдимот конференциясида иштирок этган Kun.uz мухбири шу ҳақда хабар берди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари Равшан Мамутов, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Соҳибжон Акрамов, Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси GEF агентлиги раҳбари Вадим Соколов ва бошқа расмий шахслар иштирок этди.
Мазкур тақдимотда сўзга чиққан Институционал ривожлантириш бўйича лойиҳа координатори Биродаржон Бурҳонжонов мобиль илованинг яратилишидан кўзланган мақсад ва ундан фойдаланиш бўйича батафсил маълумот берди.
“ТОМЧИ” иловасини Google Play иловалари дўконларидан юклаб олиш мумкин.

Тақдимот конференцияси давомида ташкилотчилар “ТОМЧИ” мобиль иловаси танлови ўтказилиши ҳақида ҳам маълумот беришди. Унга кўра, танловда иштирок учун:
1. Мобиль иловани “App Store” ва “Google Play” дўконларидан бевосита, ёки QR-кодидан фойдаланган ҳолда юклаб олиш;
2. Иловани юклаб олишда рўйхатдан ўтиш талаб этилади.
Танловда ғолибларга мукофот сифатида илова юкланган смартфонлар тақдим этилади.
Шунингдек, фойдаланувчиларда олий мукофот (“супер-приз”) учун танловда иштирок этиш имконияти ҳам мавжуд. Олий мукофот – Гран-При ютган икки нафар иштирокчи Чехия Республикасига йўлланма билан тақдирланади.
Танлов ҳақида тўлиқ маълумотни олиш учун қуйидаги суратни босинг:

— Мазкур мобиль иловадан фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари, қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларида ишлаётган мутахассислар, тармоқ олий ўқув юртларининг талабалари ва профессор-ўқитувчилари, сув ресурсларини бошқариш масалаларига бевосита алоқадор бўлган кенг жамоатчилик фойдаланиши мумкин, — деди Биродаржон Бурҳонжонов. — Сув хўжалиги вазирлиги тузилмалари мутахассислари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик жараёнларида керакли ахборотларнинг етишмаслиги, айниқса бу жараён сув тежаш технологиясида тез-тез кўзга ташланиб туриши маълум бўлди. Айнан мана шу омиллар “ТОМЧИ” иловасининг ишлаб чиқилишига сабаб бўлди, — дея таъкидлади у.




























