«Президент санъаткорлар рекламасига муҳтож эмас». «Ўзбекконцерт» раҳбари Жаҳонгир Позилжоновнинг клипига изоҳ берди
Бугун, 8 февраль куни, Ўзбекистон ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Миллий эстрада санъатининг аҳволи, айниқса, ёшлар маънавиятининг юксалтиришдаги ўрни ва аҳамияти" мавзусидаги анжуман бўлиб ўтди. Унда "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси томонидан 2018 йилда амалга оширилган кенг кўламдаги ишлар, чора-тадбирлар муҳокама этилди.
Маълум бўлишича, муассаса томонидан ташкил этилган санъаткорлар видеоклипларини баҳоловчи Бадиий кенгаш 2018 йил 1 февралдан бошлаб йил якунига қадар 18 маротаба йиғилиш ўтказган. Унда 185та видеоклип тақдим этилиб, улардан 75таси камчиликлар туфайли қайта тўғрилашга тавсия этилган, 45таси эса талабларга жавоб бермайди, деб топилган.
"Бадиий кенгаш замонавий клипларга тўсиқ қўйиш учун эмас, балки тавсия бериш учун хизмат қилади. Албатта, клиплар савиясини баҳолашда жамоатчилик фикри жуда муҳим. Мана биргина мисол, Жаҳонгир Отажоновнинг "Қадди баланд" қўшиғи кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Чунки унга кенгаш томонидан берилган тавсия хонанда томонидан бошқача тушунилган, яъни у қўшиқдаги шеърга эътироз билдирилмоқда, деб тушунган. Аслида эса эътироз шеърга эмас, хонанда томонидан ишланган клипга бўлган. У ерда оила даврасида кўриб бўлмайдиган ножўя ҳатти-ҳаракатлар мавжуд. Шу сабабли тавсия берилиб, қайта кўриб чиқиш учун қайтарилди.
Яна бир масала, Жаҳонгир Позилжоновнинг "Президент билан селфи" клипи бўйича айтиб ўтмоқчиман. Мазкур қўшиқ ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлди. Бу тарона хонанданинг ЗЎР ТВ канали билан тайёрлаган лойиҳаси бўлиб, кенгашга тақдим этилмаган. Кейинчалик, бу бўйича суриштирув ишлари олиб борилди. Бизнинг қўшиқни айт ёки айтма, деб эътироз билдириш ниятимиз йўқ. Бироқ бир нарсани билиб қўйиш керак, Президентимиз санъаткорлар рекламасига муҳтож эмас. Тан олиш керакки, амалий ишлар натижасида Президентимизни бугунги кунда нафақат Ўрта Осиё, балки бутун дунё тан олмоқда. Шунингдек, Президентимизнинг ўзлари ҳам шахсан "энди мақташ бўлмайди, асосий иш - амалий ишларга ўтиш, ҳали қиладиган ишларимиз кўп", деб айтганлар. Биз ҳозир Жаҳонгир Позилжоновга индамасак, яхши кўриниш учун иккинчиси ҳаракат қилиб, қўшиқ айтади. Қарабсизки, тирноқдан кир қидирувчи айрим ОАВ учун янги мавзу топилади. Санъаткорларга ҳукуматнинг топшириғи берилган деган миш-мишлар тарқалади. Яна бир маротаба айтаман, санъаткорлар рекламаси керак эмас. Ундан кўра, Ватан учун, халқ учун хизмат қилайлик. Шуни ўзи кифоя", - деди “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров.