Россия Федерациясида кўча тозаловчи бўлиб ишловчи ва томдан қор кураётганида йиқилиб вафот этган фуқаролардан бирининг қариндошининг Президентга мурожаати ижтимоий тармоқларда ва айрим оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик-ҳуқуқий департаментининг билдириши вазирлик расмий сайтида эълон қилинди.

«Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2019 йилнинг 5 январида мамлакатимиз фуқароси Отабек Болтаевнинг Москва шаҳридаги фожиали ўлими ва бунинг ортидан ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўплаб чиқишлар бўлгани оқибатида пайдо бўлган вазиятдан хабардор.

Аввало, марҳум ватандошимизнинг қариндошларига ва яқинларига чуқур таъзиямизни билдиришни хоҳлар эдик.

Шуни маълум қиламизки, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Консуллик бўлими маълумотларига кўра, марҳумнинг қариндоши сифатида ўзини таништирган Баҳодир Аҳмедов 2019 йилнинг 9 январида, яъни Элчихонага мурожаат қилишидан бир кун аввал (О.Болтаев ишлаб келган) «Жилищник Пресненского района» давлат бюджет корхонаси раҳбариятидан транспортировка ва дафн учун 100 минг рубль (1,5 минг АҚШ долларига яқин) маблағни имзо қўйиб олган. Бу ҳолатда ритуал хизматлар ва авиаташиш хизмати нархи 50 мингдан 100 минг рублгача миқдорни ташкил этади.

Бундан ташқари, «Жилищник Пресненского района» давлат бюджет корхонаси директори И.Н.Костин буйруғига кўра, О.Болтаевнинг рафиқаси — Ш.Болтаева номига Б.Аҳмедов томонидан тақдим этилган банк карточкасига 250 минг рубль миқдоридаги бирдан тўланадиган моддий ёрдам ўтказиб берилади.

Россия Федерацияси Меҳнат кодексининг 220-, Фуқаролик кодексининг 1084- ва 1088-моддаларига биноан, меҳнат вазифаларини бажараётган чоғда соғлигига зиён етказилган шахсларнинг кўрган зарарларини қоплаш иш берувчи томонидан амалга оширилади.

Шундай қилиб, Б.Аҳмедов Элчихонага мурожаат қилишдан аввал О.Болтаевнинг жасадини жўнатиш учун етарли маблағга эга бўлган ва унинг молиявий қийинчиликлар борасидаги важлари ҳақиқатга тўғри келмайди.

Элчихонанинг консуллик бўлими О.Болтаевнинг қариндошлари томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган суммаларнинг олинганлиги ёки боқувчисининг йўқотилганлиги сабабли иш берувчи томонидан етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш, шунингдек, хавфсизлик техникаси етарли даражада таъминланмагани учун айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича (Россияда мавжуд қонунчиликка мувофиқ) ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга ариза беришгани ҳақида ахборотга эга эмас.