Ўзбекистон | 08:03 / 14.02.2019
7589
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сил тарқалишига қарши курашиш бўйича асосий вазифалари белгиланди 

Фото: Assistenzamalasanita

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарор билан қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сил ва ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалишига қарши курашиш бўйича асосий вазифалари этиб белгиланди:

минтақавий эпидемиологик ҳолатни мунтазам равишда таҳлил қилиш ва мониторингини олиб бориш, сил ва унинг дориларга чидамли шакллари, ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалиши тенденцияларини прогноз қилиш;

сил ва ўпканинг носпецифик касалликларини келтириб чиқарадиган қўзғатувчиларни лаборатор ташхислаш усулларини сифат жиҳатидан янада яхшилаш;

инновацион усулларни жорий қилиш асосида сил ва носпецифик ўпка касалликларининг олдини олиш борасидаги комплекс профилактика ишларини амалга ошириш, силнинг латент шаклларини, силни юқтириб олиш хавфи юқори бўлган шахсларни, шунингдек, силнинг дориларга чидамли турига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахсларни ташхислаш ва даволашни ташкиллаштириш;

сил ва ўпканинг носпецифик касалликларини профилактика қилиш,
ўз вақтида ташхислаш ва даволашга йўналтирилган фундаментал, амалий
ва инновацион лойиҳалар бўйича илмий тадқиқотларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

бирламчи тиббий-санитария ёрдами даражасида барчага сифатли тиббиёт хизматларини таъминлаган ҳолда силнинг тарқалишига қарши чора-тадбирларнинг ОИВ/ОИТСни даволаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш дастурлари билан интеграциясини ташкиллаштириш.

Қуйидагилар:

2019-2021 йилларда сил ва ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалишига қарши курашиш комплекс чора-тадбирлари;

2020-2021 йилларда фтизиатрия муассасалари биноларини реконструкция қилиш тадбирлари дастури;

2020-2021йилларда фтизиатрия муассасаларини замонавий ташхислаш, даволаш ва реанимация ускуналари билан жиҳозлаш чора-тадбирлари дастури;

2020-2021 йилларда силга қарши санаторияларни замонавий реабилитация, ташхислаш ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Мавзуга оид