Kun.uz сайтида 2019 йил 7 февраль куни «Кесиб кетилган газ қувури, лой кўчалар ва таъмирталаб мактаб. Навбаҳор туманидаги «Дул-дул» маҳалласи муаммолари» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Маълум бўлишича, айни вақтда туман ҳокимлиги томонидан ушбу маҳалладаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Таҳририятга Навбаҳор тумани ҳокимлиги томонидан шу мазмундаги маълумот тақдим этилди.


Маълумотда таъкидланишича, маҳалла ҳудуди табиий газ етиб бориши қийин бўлган маҳаллалар рўйхатига киритилгани сабабли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 апрелдаги 47-сонли йиғилиш баёни ва туман ҳокимининг тегишли қарорларига асосан ушбу ҳудуддаги аҳоли хонадонлари табиий газ тармоғидан узилган. Ушбу маҳаллада яшовчи аҳоли туман газ таъминоти участкасидан ўрнатилган тартибда ижара шартномаси асосида маиший газ баллонлари орқали суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминланиб келинмоқда. Табиий газ тармоғидан узилган аҳоли эҳтиёжи учун ажратилган арзон кўмир ва кўмир брикети ўрнатилган тартибда тўлови амалга оширилган ҳолда ажратилади.
Маҳалладаги хонадонлар табиий газ тармоғидан узилгандан кейин Навбаҳор тумани ҳокимининг 2015 йил 5 августдаги Қ-501-сонли ва 2017 йил 26 августдаги Қ-1069-сонли қарорларига асосан газ тақсимлаш қурилмалари ва газ қувурлари демонтаж қилиниб, мақсадли фойдаланиш мақсадида «Бешработ» ва «Янги йўл» маҳаллаларидаги намунавий арзон уй-жойларни газлаштиришда фойдаланилган.
Автомобиль йўллари бўйича ушбу маҳалладаги таъмирталаб бўлган
250 метр узунликдаги ички хўжаликлараро йўллар ҳомийлик маблағлари ҳисобидан шағал қопламага ўтказилган. Туман «Йўллардан фойдаланиш» УК балансида бўлган маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларини дастур асосида жорий таъмирлашга таклифлар берилган.
Бундан ташқари, маҳалладаги 1985 йилда мактабгача таълим муассасасига мўлжаллаб қурилган ва 1996 йилда умумтаълим мактаби учун мослаштирилган 24-умумий ўрта таълим мактаби биносини 2019 йилда жорий таъмирлаш мақсадида 100 миллион сўм миқдоридаги маблағни ажратиш юзасидан туман молия бўлими томонидан дастурга киритилган.














