100 минг сўмлик ҳам чиқмоқда. Жуда катта янгиликми бу? Йўқ! Марказий банк 100 минг сўмликлар муомалага киритилиши ҳақидаги хабарларни кўп марта инкор этганига қарамай, ҳар доимгидек одамлар орасидаги гап-сўзлар ўз тасдиғини топди. Хўш, 100 минг сўмлигимиз «ортидаги ноллари сони», яъни номинал қиймати бўйича дунёда нечанчи ўринда?

Янги банкнотанинг инфляцияга таъсири бор ёки йўқлиги бўйича баҳслар ҳамон давом этмоқда. Соҳанинг етакчи мутахассислари фикрича, 100 минг сўмликнинг инфляцияга таъсири йўқ, аммо аҳоли орасидаги фикрлар бунинг аксини кўрсатади – мутлақ кўпчилик бундай катта қийматдаги банкноталарнинг муомалага киритилиши ошиб бораётгани инфляциянинг яққол далили деган фикрда.

Яна айримлар 100 минг сўмлигимиз дунёнинг энг катта номинал қийматга эга валютасига айланди, деган тасаввурда.

Маълумот учун:

* Энг йирик номиналли валюталар рейтингида 100 минг сўмликка жой йўқ. Бу борада мутлақ рекорд 1945-1946 йилларда чоп этилиб муомалага киритилган Венгрия пенгёси ҳисобланади. Энг йириги секстиллион (миллиард триллион) пенгё эди. Тасаввур қилиш учун, 1 рақамидан сўнг 21та ноль (узун шкала ўлчовида 36та ноль) бўлади. Венгрия ҳукумати 100 секстиллион пенгё устида бош қотира бошлаганда деноминация ўтказилган ва янги валюта – форинт муомалага киритилган;

* Янги тарих рекордчиси Зимбабве доллари ҳисобланади. Бу давлатдаги гиперинфляция вақтида 100 триллион Зимбабве доллари муомалада бўлган ва бунча катта банкнотани ҳам кўпчилик бир долларга алмаштиришдан бош тортган. Аммо кейинчалик бу пуллар муомаладан чиқарилганда, сувенир сифатидаги баҳоси 100 АҚШ долларигача чиқиб кетган;

* МДҲ давлатлари орасида ҳам ўзига хос рекордчилар бор. Украинада 1991-1996 йилларда муомалада бўлган, гривнадан аввалги валюта – карбованецнинг 1 000 000(бир млн)лик банкнотаси амалда бўлган;