Профессионал футбол лигаси 2019 йилги мамлакат чемпионати баҳслари 8 мартдан бошланишини эълон қилди. Янги чемпионатга қуръа ташлаш маросими эса 25 февралда ўтказиладиган бўлди.
ПФЛ ва ЎФАнинг фаолияти кўп танқид қилинди. Фойдаси бўлмагач, ОАВнинг ҳам тоқати тоқ бўлди ва бугун футбол мулозимлари кўп ҳам танқид қилинмаяпти. Лекин ПФЛ ҳеч бўлмаса айтган гапини ўз вақтида бажармагани ташкилот номини яна аччиқ сўзлар билан тилга олишга мажбур қилмоқда.
ПФЛ чемпионатнинг янги мавсуми 1 мартда бошланишини айтганди, лекин 18 февраль куни ташкилот чемпионат 8 мартдан бошланишини маълум қилди. Янги мавсумга қуръа ташлаш маросими эса 25 февраль куни ўтказилади. Бир қарашда чемпионат бошланиши бир ҳафта кечга сурилиши фожиа эмас, лекин профессионал ташкилотнинг бундай иш тутиши унинг статусига салбий таъсир қилади. Келинг, шу ўринда ПФЛнинг охирги вақтларда қилаётган яна бошқа профессионалликдан йироқ ҳаракатларини санаб ўтсак.
Ўзбек футболидаги ислоҳотлардан сўнг бир нарса одат тусига кирди: тартибсизлик. Чемпионат тақвими эълон қилинади, лекин у тақвимни мавсум аввалида деворга уриб қўйишдан мантиқ йўқ. Чунки тақвим албатта мавсум давомида бир неча ўн марта ўзгаради. Биринчи Лига ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Дарвоқе, эндиликда уни Про-Лига деймиз. Про-Лига дегани профессионаллар лигаси дегани. Аммо бу лигадаги жамоалар меҳмондаги ўйинларга шифокор ва ҳатто захира дарвозабонларисиз йўл олишади. Чунки йўл харажатлари оғирлик қилади.
Баъзан Про-Лига жамоалари сафардаги ўйинларга бормаганликлари учун уларга техник мағлубият ҳам ёзиб турилади. Про-Лиганинг «Б» гуруҳида эса аҳвол ундан ҳам ачинарли. Стадионларнинг аҳволига қараб бўлмайди, баъзан захира футболчиси бўлмагани сабаб жамоалар жароҳатланган футболчилар ўрнига бошқасини ҳам тушира олишмайди. Про-Лиганинг қуйи қисмидаги жамоалар футболчиларига маош бериши ҳам даргумон. Мана шундай алламбало жамоалар ўйнайдиган чемпионат қанақасига Про-Лига бўлсин? Чемпионатнинг номини супер деб қўйган билан иш битса, биз аллақачон чиндан ҳам супер чемпионатга эга бўлардик.
Бироқ ҳозирча бизнинг чемпионатнинг фақат номигина супер. Мавзудан узоқлашиб кетдик, а? Демак 18 февралдаги баёнот ҳақида. Унда айтилишича, янги мавсум учун қуръа 25 февраль куни ташланади. Бу куни қуръа ташлашнинг ўзи бўлса ҳам майли эди, ўша куни янги мавсумда қатнашадиган жамоалар сони аниқ бўлади! Тасаввур қиляпсизми, 8 март куни бошланадиган чемпионатда қайси жамоалар қатнашиши 25 февраль куни аниқ бўлади. Келаси мавсумда чемпионатда қайси жамоа қатнашиш-қатнашмаслиги ўтган мавсум якунида аниқ бўлиши керак эмасми? Йўқ, бизнинг футболдаги ислоҳотчилар бошқаларга ўхшашни хоҳламайдилар ва шу сабаб ҳар қандай қоидаларни индамай бузаверадилар.

















