Ҳар бир шаҳар ё туманнинг ободлиги, осойишталиги маҳалладан бошланади. Айниқса, маҳаллаларда аҳоли тинчлигини сақлаш, уларнинг осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш доимо устувор вазифалардан ҳисобланади. Қачонки, маҳаллада хавфсизлик, соғлом турмуш тарзи таъминланса, аҳолиси ҳам хотиржам яшайди. Аксинча, маҳалла аҳолисини қандайдир ҳадик қийнаса, улар доимий хавотирда, фарзандлари хавфсизлигидан қайғуриб яшаса-чи?
Kun.uz таҳририятига мурожаат йўллаган Навоий шаҳридаги «Бинокор» маҳалласи аҳолиси бир неча йиллардан буён ана шундай ҳадикда яшаётганини маълум қилган.
Маълум бўлишича, маҳалладаги аҳоли хонадонлари орасида Навоий вилояти наркология диспансерига қарашли «Мастлик ҳолатини аниқлаш хонаси» ва «Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пункти» жойлашган.

Мазкур масканларга ҳайдовчилар спиртли ичимлик истеъмол қилганини аниқлаш учун, маст фуқаролар эса уларга тиббий ёрдам кўрсатилиши учун олиб келинади.
«Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пунктига олиб келинган фуқаролар бир неча соат ўтиб шу ердан қўйиб юборилади. Айримлари маҳалла ҳудудининг ҳар жойида ётиб олишади. Бундайларнинг маҳалла ҳудудидан қачон ва қандай ҳолатда чиқиб кетиши аниқ эмас. Ахир, бу пункт уйимиз қаршисида жойлашган. Маҳалла аҳолиси фарзандлари хавфсизлигидан доим хавотирда яшайди. Қолаверса, фарзандларимиз кўча-кўйда юрганда бундай шахсларни турли ҳолатларда кўради. Бу фарзандларимиз тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Улар ҳам доим қўрқувда юради. Маҳалла аҳолиси фарзандлари кўчага чиқаришга қўрқади. Бу муаммо бизни бир неча йиллардан буён қийнаб келади. Аввал ҳам ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Аммо масала ижобий ечим топмаяпти», – дейди маҳаллада истиқомат қилувчи Назира Раҳимова.
Маҳалла аҳолиси бизга ушбу ҳолат акс этган суратларни ҳам тақдим этди. Суратда мазкур масканлар атрофида ва маҳалла ҳудудида маст ҳолдаги шахсларнинг ётиб олганини кўриш мумкин.


Ушбу масала юзасидан «Бинокор» маҳалласи раиси Жобир Мирзаев ҳам ўз фикрларини айтиб ўтди.
«Бу ерга ички ишлар ходимлари томонидан маст ҳолатдаги шахслар олиб келинади. Шу ернинг ўзида турли низолар келиб чиқади. Айниқса, тунда. Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пунктидан қўйиб юборилган шахслар бир-бирлари билан ўзаро жанжаллашади. Бақир-чақирдан маҳалла аҳолисига тинчлик йўқ. Бу масканларни маҳалла ҳудудидан кўчириш борасида ҳокимият вакилларига бир неча бор мурожаат қилганмиз. Аммо бирор фойдаси бўлгани йўқ», – дейди маҳалла раиси.




















