14:49 / 22.02.2019
20017

Ўзбекистонда Қамчиқ ва Тахтиқорача довонларидан ўтувчи пулли туннеллар қурилиши мумкин

Фото: Ўзбекистон темир йўллари ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Наманган вилоятининг Поп туманидаги Қамчиқ ва Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Тахтиқорача довони орқали ўтувчи пулли туннеллар қуришни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарларини айланиб ўтувчи пулли автомобиль йўллари қуриш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда журналистларга Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Назаров маълум қилди.

Назаровнинг сўзларига кўра, пулли туннеллар ва йўллар лойиҳалари давлат-хусусий шериклик асосида ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади.

«Бу объектлар инвестицияларни жалб қилиш, йўлларни пулли асосда ташкил этиш объектлари сифатида кўрилмоқда. Бу йўллар ва туннелларнинг барчаси муқобил бўлади, ҳозирги ҳаракатланиш тартиби сақланиб қолади», - деди Назаров.

Давлат-хусусий шериклик бўйича пулли йўллар қурилишининг қонунчилик асоси «Давлат-хусусий сектор шериклиги тўғрисида» ва «Пулли йўллар тўғрисида»ги қонунларда ўз ифодасини топади. Қонун лойиҳалари ишлаб чиқилган. «Ҳозирда ҳужжатлар вазирликлар ва идоралар билан мувофиқлаштирилмоқда. 10-15 кун ичида қонун лойиҳасини ҳукумат ҳамда парламентга киритиш режалаштирилган», - дея таъкидлаб ўтди Шуҳрат Назаров.

Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги биринчи пулли автомобиль йўли инвесторлари ҳамда пудратчилари «оптимал йўналиш» белгилаб олингач танланади.

Ўзбекистон ҳукуматининг ўтган йил 5 декабрдаги қарори билан 2020 йилдан бошлаб мамлакатда пулли магистрал йўллар қурилиши бошланади.
 

Top