Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши раиси Ҳикмат Абдураҳмонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда шаҳарда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ва огоҳлантиришсиз бузилаётган уйлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube 

Дарахт браконьерлари VS Жамоатчилик кенгаши

Ҳикмат Абдураҳмонов пойтахтнинг турли туманларида дарахтлар кесилиши масаласи тўғрисида шундай дейди: «Биз бу масалаларга тизимли ёндашишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ўтган йил ёзида ижтимоий тармоқларда жуда ҳам катта муҳокамалар бўлиб ўтди. Ёз вақтида, об-ҳаво яхши пайтда асосий ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Шу сабабдан бўлса керак, кенг муҳокамалар кечди. Тошкент шаҳрининг баъзи туманларида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши фактлари тасдиқланди. Бу бўйича биз Тошкент шаҳар ҳокими билан бир неча марта суҳбатлашганмиз.

Хусусан, бу масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ва шаҳар фаолларининг учрашуви бўлиб ўтган. Учрашувлар натижасида тизимда умумий регламент йўқлигини сездик.

Мисол учун, қурилиш ёки ободонлаштириш ишлари сабабли дарахтларни маълум бир шаклга келтириш қоидалари тасдиқланмагани, ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг бир-бирини тушунмаслиги, ягона регламент йўқлиги кўзга ташланарди. Бу масалага субъектив ёндашилмоқда. 

Иккинчидан, дарахтларни кесганлик учун белгиланган жарималари миқдори пастлигини аниқладик. Масалан, дарахтларнинг норасмий бозордаги нархи, унинг жаримасидан анча юқорилигини билдик. 

Дарахтларнинг кесилиши бўйича «Mening fikrim» порталида ҳам фикрлар илгари сурилганди. Масала Олий Мажлисга ҳам олиб чиқилди. Менимча, ушбу масала яна кўриб чиқилиши шарт.

Учинчидан, масъул ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ҳам аниқ эмаслигини кўрдик. Яъни, бу Тошкент шаҳар ҳокимияти бўладими, туманлар ҳокимияти бўладими ёки шаҳар экология бошқармаси, биоинспекция хизмати бўладими, бундан ташқари, ободонлаштириш бошқармалари орасида ўзаро тизим аниқ шакллантирилмаган. Бирор муаммо бўлса, қайси бири ҳал қилиши бўйича аниқ регламент ишлаб чиқилмаганига гувоҳ бўлдик.