Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, ҳужжат Ўзбекистон Республикаси президентининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4059-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда республикага олиб кирилаётган товарлар импортини оптималлаштириш, ноқонуний импорт операциялари амалга оширилиши ҳамда солиқ ва божхона тўловларидан қочишнинг олдини олиш учун божхона расмийлаштирувидан кейинги назоратни таъминлаш мақсадида қабул қилинади.

Лойиҳа билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг импорт операциялари бўйича солиқ ва божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг қилиш юзасидан доимий фаолият юритувчи Идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этиш бўйича таклифлари маъқулланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасига товарларни импорт қилувчи барча юридик шахслар ҳисоб варақ - фактураларни тўлиқ электрон шаклда юритишга ўтказилади.

Қуйидагилар:

импорт операциялари бўйича солиқ ва божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг қилиш юзасидан Идоралараро ишчи гуруҳи таркиби;

импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш механизми тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ўртасидаги мавжуд ахборот алмашинув тизими мазкур қарор талаблари асосида такомиллаштирилади.

Импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш механизми тўғрисидаги низомга кўра, Давлат божхона қўмитаси, товарлар импорти тўғрисида ва божхона ҳужжатлари расмийлаштирилгандан сўнг уч кун муддатда қуйидаги ҳолатларда соддалаштирилган тартибда олиб кирилган товарлар импорти тўғрисида идоралараро ахборот алмашинуви воситаси орқали Давлат солиқ қўмитасига ва “Ўзстандарт” агентлигига маълумот тақдим этади:

Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форуми (IAF) тўлақонли аъзолари ҳисобланган давлатларнинг сертификатлаштириш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари ёки синов баённомалари тақдим этилганда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кўп миқдорда бўлмаган тадбиркорлик субъектлари (эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари бундан мустасно) ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ихтисослашган ва қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар ва уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ноозиқ-овқат хомашё, материаллар ва буюмлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинганда;