Жамият | 14:53 / 25.02.2019
18942
2 дақиқада ўқилади

Ватан сўзини ишлатмаган «ўсмайди»ми? Адабиётшунос олим жамиятдаги иллатларни танқид қилди

24 февраль куни Тошкент шаҳридаги Book.uz савдо мажмуасида таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Республика ёш ижодкорлар кенгаши томонидан ташкиллаштирилган мазкур ижодий тадбирда ёзувчи ва шоирлар, бир гуруҳ ёшлар, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Учрашувда Иброҳим Ҳаққул бугунги ўзбек жамиятида учраётган иллатларни қаттиқ танқид остига олди. Хусусан, адабиётшуноснинг фикрича, жамиятимизда ёшларнинг эркин фикрлаши, журъатига дахл қилиш, тўсқинлик ҳамон давом этмоқда. 

«Одамларимиз «Ватан» деган сўзни эшитганда энса қотирадиган бўлиб қолишган. Нега? Чунки, қачон телевизор пультини боссангиз, ватан ҳақидаги баландпарвоз гапларни эшитасиз. Телевидениеда, газеталарда, оммавий тадбирларнинг барчасида шундай, бир хил шаблондаги гаплар. Энг ачинарлиси, буларнинг ҳеч бири юракдан айтилаётган гаплар эмас. Катталар ёшларга «шу гапни гапирмасанг ўсмайсан, медаль ололмайсан», дейишяпти. Оқибатда ёшлар фикрсиз бўлиб ўсяпти. Улар орасида соғлом рақобат, фикрлашувни деярли кўрмайсиз. Масалан, шу каби ёшларга салгина конструктив фикр билдириб кўринг-чи, улар ўша фикр эгасига тезда душман кўзи билан қарай бошлашади, унинг илдизини қуритишга уринади. Афсуски, уларнинг кўпчилигини энди ўзгартириб бўлмайди.

Бу ишларни зудлик билан тўхтатиш керак, акс ҳолда ёшларимизни бой бериб қўямиз. Уларни бундай фикрсизлик билан ўстириш яхшиликка олиб бормайди», дея ёзувчининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Иброҳим Ҳаққул фикрсиз одам ҳеч кимга вафо қилмаслиги, бугун бир киши ҳақида мадҳ куйласа, эртага бошқа бир иккинчи кишига таҳсин ўқишини таъкидлаб ўтди.

«Ёшлар онгида фикрлашдаги қўрқувни йўқотайлик», дея қўшимча қилади у.

Мавзуга оид