Ўзбек ва жаҳон адабиёти, унинг муаммолари, таҳлиллари юзасидан қатор кўрсатув ва суҳбатларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этиб келаётган Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул бўлди.

Адабиётшунос олим билан бугунги жамият ва адабиёт ҳақидаги суҳбатимиз очиқ ва самимий руҳда ўтди. Унда Иброҳим Ҳаққул нафақат ўзбек жамияти ва ўзбек адабиётидаги муаммолар ҳамда иллатларни танқид қилди, балки бу муаммолардан қутилиш борасида ўзи тўғри деб билган фикрларни ҳам ўртага ташлади. 

Видео: Mover (tas-ix)

https://mover.uz/video/embed/cT7FxMAm/

Видео: Youtube.com

— Устоз, бугун одамларнинг онгини ўзгартириш, янгича дунёқарашга ўргатиш ҳақида кўп гапирилмоқда. Аслидаям, бугун ён атрофга диққат билан назар солган киши аксарият одамлар майда масалалар, майда фикрлар билан ўралашиб қолганини кўради. Назаримда, ўша майда фикрларни катталарига, онгни, қарашни ўзгартиришнинг бир йўли, воситаси кучли адабиётда ҳам яширингандек. Сизнингча, бу борада ҳозирги адабиётимизга қандай асарлар керак?

— Тўғри, бугун мана шу саволлар билан ҳар бир ёзувчи ўзича машғул бўлиши керак.

Бугун ҳаётга ҳаёт назари билан қарамасангиз, ҳаётнинг қўлига қўл узатмасангиз, ҳеч нарсага эришолмайсиз. 

Бугун эзгулик ва яхшиликка нисбатан ёвузликнинг қаноти кенг ёзилган, ҳаракати ҳам шиддатли. Кечаги қотиб қолган тушунчалар ёки титиғи чиқиб кетган ақлли гаплар билан одамларнинг кўнглига йўл топиб бўлмайди. Шу маънода бугунги адабиёт одамларга нима дейиши кераклигини чуқур ҳис қилиш керак. 

 Кечаги ёки собиқ иттифоқ давридаги тушунчалари билан, ўша ақл ва ўша усуллар билан адабиёт қиламан деган одам бугун адашади. Шунинг учун бугунги адабиёт яратувчиси шахс масаласини олдинги ўринга чиқариши керак. Чунки, кучли адабиётни кучли шахслар яратади, майда шахслар эмас. 

Катта, буюк шахсларни дунёқараши бирданига ўзи тозаланади, чунки у миллатнинг тақдирида ҳеч ким кўрмаган ҳақиқатларни, ҳис қилмаган тушунчаларни билади, ҳис қилади. Айтмоқчиманки, бугун ёзувчиларнинг адабиёт олдидаги масъулияти янгиланиши керак. Бугунги миллатнинг адабиёт орқали янгиланишга эҳтиёжи бор.