Жамият | 16:47 / 25.02.2019
21307
3 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар қўмитаси Хитойда таҳқирланган аёлни Ватанига қайтарди

Февраль ойининг бошида ижтимоий тармоқларда Хитой халқ республикаси фуқаросига турмушга чиққан ҳамда яшаш учун ушбу давлатга кўчиб кетган қизнинг фарёди акс этган видео тарқалди.

Аёл турмуш ўртоғи томонидан таҳқирланаётгани ва унга ёрдам кўрсатишларини илтимос қилиб видеомурожаат йўллаган. Мазкур ҳолатдан хабар топган Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси дарҳол ҳолатни ўргана бошлаган. 

Маълум бўлишича, қиз асли Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидан бўлиб, у ноқонуний равишда ўзбекистонлик Наргиза исмли аёл воситачилигида Хитой фуқароси билан танишиб қолган. Кейинчалик уни ёқтириб, ўз ҳоҳиш-истаги билан турмушга чиқишга қарор қилган.  Сентябрь ойида у хитойлик инсон билан Ўзбекистонда қонуний никоҳдан ўтган. 

Дастлаб яхши ҳаёт кечирганини айтган Саида, кейинчалик турмуш ўртоғининг бундан аввал ҳам  ўзбек қизига уйланганидан хабар топган. Хитойга кўчиб кетгач эса у ерда ҳам унинг норасмий равишда яшаб юрган турмуш ўртоғи борлигини билиб қолган. 

Саиданинг айтишича, йигитнинг онаси уни ўзбек қизига уйланишини истагани учун у Ўзбекистондан уйланишга қарор қилган. Йигитни оиласи борлигини билган Саида Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган. Бироқ йигит онасининг хоҳишига қарши чиқмаслик учун уни қўйиб юборишни истамаган ҳамда унга турли йўллар билан тазйиқ ўтказа бошлаган.

Ҳодисадан хабар топган Хотин-қизлар қўмитаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида қизни ўз Ватанига қайтаришга эришди. Ҳозирда қиз уйида. У билан Қўмита томонидан бириктирилган психологлар ишламоқда. Қиз коллежни тугатиб, дипломини ололмаганлиги сабабли унга коллежни тугатганлиги тўғрисидаги дипломини олиб, касб-ҳунарга ўқитиб, доимий иш  билан таъминлаш бўйича амалий кўмак берилади. 

Қўмита қиз ва унинг оиласини ўз назоратига олган. Қизнинг онасининг юраги хаста бўлгани сабаб ҳеч қаерда ишламайди, Қўмита унинг онасини ҳам саломатлигини тиклаш мақсадида даволаниш учун ордер олишга кўмаклашди. 5 яшар укасини боғчага жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Мавзуга оид