Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг функционал вазифалари ҳамда Ижтимоий ривожлантириш масалалари котибияти тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг функционал вазифалари тўғрисидаги низомга кўра, бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси унинг номзодини маъқуллагандан сўнг Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан лавозимга тасдиқланади.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси президентига ва Ўзбекистон Республикасининг бош вазирига ҳисобот беради.

Бош вазир ўринбосарининг фаолияти узлуксиз таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм тизимини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга йўналтирилган.

Бош вазир ўринбосари мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг аъзоси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раёсати таркибига киради. Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.

Қуйидагилар бош вазир ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифалари, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ҳамда ўрта муддатли ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурлари ўз вақтида ҳамда самарали амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирларини ташкил этиш;

вазирликлар ва идоралар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, парламент ва депутатлар сўровлари, Ўзбекистон Республикаси президентининг қарорлари ва топшириқлари сўзсиз бажарилишини ташкил қилиш юзасидан мониторингни таъминлаш, шунингдек, жойлардаги ишларнинг реал ҳолатини доимий ўрганиш, ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқиш;

кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этиш учун Ўзбекистон Республикаси президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисоботлар тайёрланишини таъминлаш;