Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича енгил конструкцияли инфратузилма объектларини қуриш учун ер участкаси ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Низом талаблари қишлоқ хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун ҳамда лойиҳаларни эркин иқтисодий зоналарда амалга оширадиган инвесторлар учун берилган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Енгил конструкцияли инфратузилма объектлари, шунингдек, енгил конструкцияли иссиқхоналар қуришга ер участкалари фақат ушбу қурилишни амалга оширишга талабгор бўлган тадбиркорлик субъектларининг ер участкалари доирасида ҳамда ер ижараси шартномасида белгиланган муддатга ажратилади.

Тадбиркорлик субъектларига ажратилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқ бекор бўлганда енгил конструкцияли инфратузилма объектлари, шунингдек, енгил конструкцияли иссиқхоналар жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқ ҳам бир вақтнинг ўзида бекор бўлади.

Тадбиркорлик субъектларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича енгил конструкцияли инфратузилма объектлари, шунингдек, енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш учун ер ажратиш схема бўйича амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъекти ер участкасига енгил конструкцияли объектлар ҳамда енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш учун аризани шахсан ёки почта алоқаси воситаси орқали туман (шаҳар) ҳокимликларига беради (юборади).

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилган аризалар туман (шаҳар) ҳокимликларига автоматик равишда юборилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.

Тадбиркорлик субъектидан ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги тушган аризани бир иш куни мобайнида кўриб чиқади ва уларда камчиликлар аниқланмаган тақдирда ариза ҳамда тегишли ҳужжатларни шу куннинг ўзида ижрочига юборади.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги ариза ва ҳужжатларда тегишли камчиликларни аниқлаган тақдирда, тадбиркорлик субъектига ариза тушган куннинг эртасидан кечиктирмай камчиликларни аниқ кўрсатган ҳолда асосланган ёзма хабар беради. Ушбу хабарда ариза ва ҳужжатлардаги камчиликлар тегишли қонун ҳужжатлари нормаларига асосланган ҳолда баён этилиб, уларни бартараф этиш ва аризани қайта тақдим этиш муддатлари кўрсатилади.