Айни пайтда Марказий Осиёнинг тўлиқ салоҳиятини тиклаш вақти келди. Ўзбекистон тарихнинг муҳим бир бурилиш палласида турибди. У Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп мамлакат, бу ерда нимаики содир бўлса, у нафақат шу халқ, балки бутун минтақа ва ундан ташқаридаги ҳудуд келажагини ҳам белгилаб беради, деб фикр билдирди АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси биринчи ўринбосари Элис Уэллс.
27 февраль куни АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси биринчи ўринбосари Элис Уэллс Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида нутқ сўзлаб, Қўшма Штатлар учун Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси нақадар муҳимлигини тушунтириб ўтди.
«Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон қандай қилиб энг яхши йўлдан фойдаланиб, биргаликда олдинга силжишини тушуниш учун, бизнинг муштарак устувор вазифаларимиз нималарда кўринишини англаб олмоқ лозим. АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати беш устунга асосланиб, улар Президент Мирзиёев Ўзбекистон учун белгилаб берган устуворликлар билан ҳамоҳангдир», – дейди у.
Элис Уэллснинг айтишича, 1991 йилдан буён бўлгани каби, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга содиқдир.
«Америкаликлар учун мустақилликдан ҳам қадрлироқ ҳеч нарса мавжуд эмас, чунки у ҳар бир инсоннинг яшаш, озод ва бахтли бўлишдай ажралмас ҳуқуқини таъминлайди. Ўзбекистонда биз фикрлар ҳамоҳанглигини кўрмоқдамиз – бу халқ ташқи босимларга қарши мардона турган, хорижий кучларга қарамликдан қочган, ўз йўлидан оғишмайдиган, сиёсати ва устуворликларини ўзи белгилайдиган ҳамда иттифоқчиларини ўз хоҳишига кўра танлайдиган халқдир», – дейди АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари.
АҚШ вакили шу маънода Мирзиёевнинг илғор, минтақа учун намуна бўлгулик «энг аввало қўшнилар» сиёсатини юқори баҳолашини билдирди. Уэллс АҚШ Ўзбекистонда барқарор ўсиш ва иқтисодий фаровонликни илгари суришга ҳам содиқлигини тасдиқлади.
«Биз хорижий сармоя киришига хайрихоҳлик билдириб, уни қўллаб-қувватлайдиган очиқ, шаффоф бозор иқтисодини яратишга қаратилган ислоҳотларни олқишлаймиз. Шуни мамнуният билан қайд этишим керакки, 2018 йил октябрь ойида Ўзбекистонда биринчи бор USAID ҳомийлигида Марказий Осиё савдо форуми ўтказилиб, унинг натижасида 56 миллион доллардан ортиқ савдо келишувлари имзоланди», – дейди у.

















