«Сифатли таълим зарурати ҳозирги авлоднинг кейинги авлод олдидаги қарзидир», деган эди америкалик банкир, ўз даврининг энг бой одамларидан бири Жорж Пибоди.

Ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти аввало таълим тизимига бориб тақалади. Иқтисодиёт, сиёсат, фан, саноат, қурилиш, тиббиёт — барча соҳанинг ривожи учун таълим тизимининг аҳволи муҳим аҳамиятга эга. 

Америкалик иқтисодчи Арнольд Ҳарбергер неоклассик иқтисодий ривожланиш моделларида инсон капиталига катта эътибор берилмай, оқибатда ушбу моделлар кутилган натижани бермагани ҳақида ёзган (1998). Жаҳон Банки маълумотига кўра, 1950 йилга нисбатан 2010 йилга келиб, Осиё ва Тинч океани ҳавзаси мамлакатларида мактаб ўқувчиларининг сони 200 бараварга ошди. Шунга қарамай, Ер юзида 124 миллион нафар ўқувчи мактаб таълимидан йироқ, 250 миллион ўқувчи эса бошланғич таълимдан кейин ҳам ўқиш-ёзишни билмайди.

Психология фанлари номзоди Маҳмуд Йўлдошев умумтаълим мактабларида тубдан ўзгаришлар қилиш кераклигини таъкидлаган ҳолда таълим сифати бўйича дунёда етакчилик қилувчи Скандинавия мамлакатлари моделини жорий қилишни таклиф этмоқда. У бу ҳақида Kun.uz мухбири билан суҳбатда таъкидлаб ўтган.

Фото: Маҳмуд Йўлдошев

— Ривожланган мамлакатларда болани олти ёшдан мактабга қабул қилиш амалиёти мавжуд. Ўзимизда ҳам баъзилар фарзандини бир йил олдин ўқишга беради. Баъзилар эса бола бу ёшда ҳали тайёр бўлмайди, деган фикрда...

— Бизда ҳозир мавжуд бўлган — болани 7 ёшдан бошлаб мактабга бериш амалиёти совет тизимидан мерос қолган. Ҳозирги постсовет давлатларида бу ҳолатни кузатиш мумкин. Ваҳоланки, таълим рейтингида етакчи бўлган Скандинавия давлатларида ўқувчилар 6 ёшдан мактабга қабул қилинади. Японияда эса бола 5 ёшдаёқ бизнинг 1-синф ўқувчиларимиз ўқийдиган дастурни ўзлаштириб бўлади.  

Бола 6 ёшда ҳали маълумот  қабул қилишга тайёр бўлмайди деган қарашлар — нотўғри. Аслида, 3 ёшдан бошлаб бола атрофни ўта фаол тарзда ва қизиқиш билан қабул қила бошлайди. 5 ёшда эса уни ҳар томонлама ривожлантиришнинг айни вақти. Тўлақонли ишонч билан айтиш мумкинки, 6 ёшли ўғил ҳам, қиз ҳам биздаги мавжуд бошланғич таълим дастурини бемалол қабул қила олади. Шунинг учун бу ёшни мактаб қабули учун стандарт этиб белгилашни таклиф қиламан.

Шунингдек,  бошланғич синфда баҳолаш тизими бекор қилиниши тарафдориман. Белгиланган баҳони ололмасликдан қўрқув ҳисси болада ўқитувчисидан, ота-онасидан ҳайиқишни пайдо қилади. Ундаги эркинлик ҳисси тўсиқларга дуч келади. Бола мактабдаги илк даврда эркин бўлиши, чекланмаслиги керак. Бу даврда бола қанчалик эркин бўлса, унинг жамиятда ўз ўрнини осонлик билан топа олиши  психологияда исботланган ҳолат. Акс ҳолда, унда  ниманидир хато қилиб қўйсам ёки билмасам, жамият менга «паст баҳо беради», деган сесканиш пайдо бўлади. Юқори синфгача болада эркинлик ҳисси шаклланиб бўлгач, кейин баҳо тизимини жорий қилиш мумкин. Энди бунда баҳо яхшироқ ўзлаштиришга нисбатан рағбат вазифасини бажаради. Тенгдошлар ўртасида соғлом рақобатни таъминлайди.