Ўзбекистон | 00:45 / 27.02.2019
4032
3 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда 2020 йил сентябрда II Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади

Фото: Маданият вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февралда “II Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни қабул қилди.

Фармойишга кўра, ўзбек миллий мақом санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, унинг ноёб намуналарини кенг тарғиб этиш, ёш авлод қалбида санъатга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятида мақом санъати нуфузини янада ошириш мақсадида Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши белгиланган Халқаро мақом санъати анжуманини иккинчи марта 2020 йил сентябрь ойининг биринчи ярмида ўтказиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг таклифи маъқулланиши белгиланди.

Шу муносабат билан, Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага қуйидаги вазифалар юклатилди:

- Анжуманга тайёргарлик кўриш ишларини 2019 йилнинг апрель ойидан бошлаш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

- ўтказилиши режалаштирилаётган Анжуманнинг аниқ саналарини 2019 йилнинг декабрь ойига қадар белгилаш;

- 2019 йил 1 апрелдан бошлаб республика ва жаҳон миқёсида Анжуман тарғиботини ташкил этиш, унинг доирасида ўтказиладиган танлов шартлари ва илмий-амалий конференция мавзусини эълон қилиб бориш;

- 2020 йил 1 июнга қадар республикамиз ҳудудларида мақом ансамблларининг концерт дастурлари, “Ёш мақом ижрочилари”, бастакорлар ўртасида “Мақом йўлида яратилган энг яхши асар” каби номинациялар бўйича республика танловлари ҳамда таниқли мақомшунос олимлар, тажрибали мақом ижрочилари иштирокида ижодий учрашувлар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш ва ўтказиб бориш;

- Шаҳрисабз шаҳридаги Мақом музейини ушбу санъатга оид тарихий, илмий-ижодий манбалар, қадимий ва замонавий чолғу асбоблари ва бошқа янги экспонатлар билан бойитиш чораларини кўриш;

- Анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига 2020 йил 1 апрелга қадар Анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар сметасини белгиланган тартибда тасдиқлаш вазифаси топширилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги икки ой муддатда Шаҳрисабз шаҳрида Анжуманни ўтказиш учун зарур маданий инфратузилма иншоотлари ва ижтимоий объектлар барпо этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; 2020 йилнинг 1 августига қадар Шаҳрисабз шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиши, Анжуман ўтказиладиган саҳна ва майдонларни талаб даражасида тайёрлаш вазифаси топширилди.

Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш.Маҳмудов зиммасига юкланди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид