Ўзбекистон | 16:28 / 01.03.2019
9578
4 дақиқада ўқилади

Австриянинг 30 га яқин компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда

Австриянинг етакчи компаниялари Ўзбекистон билан иқтисодиётнинг турли секторларида ҳамкорликни фаоллаштиришга қизиқиш билдирмоқда. Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Австрия ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-учрашувлар ўтказилиши кутилмоқда. Австриянинг Қозоғистондаги элчисининг савдо ишлари бўйича маслаҳатчиси Рудольф Талер Kun.uz'га шу ҳақида хабар берди.

Рудольф Талер

8-9 апрель кунлари 26 компаниядан иборат Австрия бизнес-делегацияси Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Делегация таркибидан VAMED, Bertsch-Laska, AndritzHydro, Diehl Metering, Frauscher, SKIDATA, Waagner-Biro каби иқтисодиётнинг турли секторлари (қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт, гидроэнергетика, пахтани қайта ишлаш ва б.) вакиллари ўрин олган. Австриянинг Қозоғистондаги элчихонаси савдо маслаҳатчиси ҳамда Advantage Austria'нинг Олмаотадаги офиси раҳбари Рудольф Талер Ўзбекистоннинг ишбилармон доираларини учрашувларда фаол иштирок этишга чорлайди.

"Бугунги кунда икки мамлакат ўртасида савдо алоқаларини ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжуд. Бу Австрия компаниялари учун ҳам, Ўзбекистон компаниялари учун ҳам иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун ажойиб имкониятдир. Масалан, инфратузилмани модернизациялаш, нефть ва газ, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва ҳ.к. Ҳозирнинг ўзиданоқ мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажмининг ошишини кузатиш мумкин. 2018 йил якунларига кўра, Австриянинг Ўзбекистонга экспорти ҳажми 108 миллион АҚШ долларини ташкил қилди, 2017 йилда эса бу кўрсаткич 50 миллион доллар атрофида бўлган", - дейди у.

Рудольф Талернинг Kun.uz'га маълум қилишича, айни дамда Ўзбекистонда Австриянинг 30 компанияси фаолият юритмоқда.

Жорий йилда Қозоғистондаги Австрия элчихонасининг Савдо бўлими ва Advantage Austria илк марта Марказий Осиёда ноёб лойиҳаларни амалга оширган Австрия компанияларига Silk Road Biz Award 2019 мукофотини топширади. Ўзбекистондаги Австрия компаниялари орасида Зальцбургнинг Oberhofer Stahlbau компанияси ғолиб бўлди. Oberhofer Stahlbau компанияси Тошкентдаги муз аренаси учун Марказий Осиёдаги энг катта пўлат тузилмага буюртма олди. Бундан ташқари, компания Конгресс-холл учун пўлат гумбаз ва пойтахтдаги футбол майдони учун пўлат конструкцияни етказиб берди. Шунингдек, Қозоғистондаги кинотеатрлар интерьери жиҳози билан шуғулланувчи Австриянинг Kogler ҳамда Марказий Осиёдаги энг йирик Нурек ГЭСи модернизациясини амалга ошираётган AndritzHydro компаниясига Silk Road Biz Award 2019 совриндори бўлиш насиб этди.

"Silk Road Biz Award танлови туфайли Австрия компанияларининг Марказий Осиё бозорларидаги илғор ютуқлари ҳақида маълум бўлди ва бугунги кунда улар ОАВ диққат марказида. Австрия компаниялари Марказий Осиёда жуда муваффақиятли фаолият юритмоқда, шу боис бу тажриба ҳақида сўзлаш ўринли", - деди Рудольф Талер.

Advantage Austria'нинг Олмаота шаҳридаги офиси Марказий Осиёнинг беш мамлакати - Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бўйича ишлайди.

Апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган учрашувлар ва уларда рўйхатдан ўтиш бўйича Advantage Austria'нинг Олмаотадаги электрон манзили Almaty@advantageaustria.org ҳамда 7 727 22 51 484 телефони орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид