Сенат XVIII-ялпи мажлис кун тартибига киритилган «Халқаро меҳнат ташкилотининг Халқаро меҳнат нормаларни қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сон конвенциясини ратификация қилиш ҳақида»ги масалани маъқуллади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
«Конвенцияни ратификация қилиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 августдаги қарори билан тасдиқланган «Йўл харитаси»да - «Хавфсиз ва ҳимояланган меҳнат» тадбирлар дастурида назарда тутилганди», – дейди сенатор Алишер Курманов.
Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ҳам Kun.uzʼга айтиб берганди.
Ушбу конвенция Халқаро меҳнат ташкилотининг 1976 йилдаги Бош Конференциясида қабул қилинган.
Конвенцияга иштирокчи бўлган давлатлар ташкилотга мазкур конвенция бўйича ўз зиммаларига олган мажбуриятларни амалга ошириш учун қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрисидаги маърузани тақдим этади.
Ушбу конвенциянинг ратификация қилиниши:
биринчидан, мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги самарадорлигини оширади, энг муҳими, ХМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан муносабатларида ижобий имиджини шакллантиришга хизмат қилади;
иккинчидан, мамлакатимизда ишчиларнинг ҳамда иш берувчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилиниши бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганишга имконият яратади;
учинчидан, меҳнат ва бандликни таъминлаш соҳасида миллий қонунчилигимизни такомиллаштиришга замин яратади.
Ўзбекистон 1992 йилдан буён Халқаро меҳнат ташкилотининг тўла ҳуқуқли аъзосидир. Бугунги кунга қадар ташкилотнинг 14 конвенцияси, жумладан, 8 та асосий конвенцияси ратификация қилинган.
2017 йилдан бошлаб 2020 йилгача бўлган даврга мўлжалланган «Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури» амалга оширилмоқда.
















