Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш. давлат мулки бўлган бўш турган спорт объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда спорт иншоотларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва тренер кадрларни рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қурилиш вазирлиги. Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг:
давлат мулки бўлган бўш турган спорт объектларини инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан белгиланган тартибда хусусий инвесторларга бериш;
хусусий шерикнинг мулки негизида ташкил қилинган спорт объектларининг ҳолатини яхшилашга кўмаклашишни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Белгиланишича:
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида давлат шериги ҳисобланади;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижаларига кўра тузилади.
Низомга мувофиқ, давлат-хусусий шериклик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
нодавлат спорт иншоотларини қуриш ва фойдаланиш учун ерни бепул бериш (30 йилга);
давлат спорт иншоотларининг фойдаланилмаётган қисмини бепул фойдаланиш учун хусусий шерикларга ўтказиш (30 йилга);
мавжуд давлат спорт иншоотларини қайта қуриш ва жиҳозлаш (30 йилга);
кейинчалик беғараз ёрдам кўрсатиш шарти билан спорт иншоотларини қуриш учун ерни бепул бериш (20 йил ва ундан ортиқ даврга);
концессия асосида қуриш, қайта қуриш ва жиҳозлаш учун ер ёки бино ажратиш;
хусусий спорт иншоотларини моддий-техник ва молиявий таъминлаш.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларни тузиш бўйича 5 кишилик танловларни ўтказиш комиссияси тузилади.
Танлов бошланишидан 30 кун олдин Интернет тармоғида ва расмий сайтларда бу ҳақда эълон берилади.















