Жамият | 11:01 / 04.03.2019
15050
3 дақиқада ўқилади

Рустам Саъдиев киноқароқчиларга муносабатини билдирди

Таниқли кинорежиссёр Рустам Саъдиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўзи ишлаган фильмларнинг киноқароқчилар қўлига тушиб қолишига нисбатан муносабатини билдириб ўтди.

«Ижодкор сифатида фильмим кимнингдир қўлига тушиб қолишига салбий қарайман. Фильмни кимдир кўргиси келиб қолади, шунга ўхшаш вазиятлар бўлади, бунда ўзимиз хоҳламаган ҳолда фильмни тақдим этишга мажбур бўламиз. «Барон-2» ҳамкорликдаги фильм бўлгани учун энди уни кимгадир бериб юборишга ҳам ҳаққимиз йўқ.

Ким кўргиси келса, кинотеатрда ёки «Ўзбекфильм»нинг махсус залларида кўриши мумкин, холос. Энди бу жиҳатдан зийракроқ бўламиз деган умиддаман. Биз томошабинни тарбиялашимиз, уларга муаллифлик ҳуқуқи тушунчаси, жамоанинг пешона тери қадрини сингдира олишимиз керак. Бизнинг томошабинлар ўғри, муттаҳам эмас аслида. Шундагина томошабинларимиз киноижодкорларни қўллаб-қувватлайди, ўз ўрнида бундай рағбат яхши кинолар яратилиши учун ҳам замин бўлиб хизмат қилади. Мен бунга ишонаман ва ўзбек томошабинлари, «Барон»нинг мард мухлисларидан – йигитларимиздан шундай ҳалол муносабат кутиб қоламан.

Эслатиб ўтамиз, «Барон» фильмининг биринчи қисми 2016 йилда томошабин эътиборига ҳавола этилган бўлиб, фильм ўзбек киносида қатор рекордларни янгилаган ва кўпчилик томошабинлар орасида ўзбек киносанъатида турғунлик даври тугаганига умид уйғотганди.

Рустам Саъдиев «Барон» фильмининг биринчи қисми премьерасидан сўнг «қароқчилар» тўғрисида шундай деганди: «Ҳозирда «Малика», «Абу Сахий» бозорларида ўтириб, фильмни ёзиб бераётганларнинг рўйхати бор. Агарда томошабинлар «Барон»нинг давоми суратга олинишини исташса, кино ижодкорларига бўлган ҳурматини кўрсатиб, уни кино залларида томоша қилишлари керак. Бунга мухлисларнинг кино ижодкорларга бўлган ҳурмат ва миннатдорчилиги, деб қаралади». 

Рустам Саъдиев билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини Kun.uz’нинг YouTube ва Mover’даги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Мирзаёр Эркинов
Тайёрлаган Мирзаёр Эркинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид