Эртага, 5 март куни Тошкентнинг «Пахтакор» клуби Осиё Чемпионлар Лигасидаги иштирокини бошлайди. 3 йиллик танаффусдан сўнг яна Осиёнинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақасига қайтган «Пахтакор» гуруҳ босқичини Теҳронда «Персеполис»га қарши ўйин билан бошлайди. «Ўлим гуруҳи»дан ўрин олган «Пахтакор» учун биринчи ўйин жуда муҳим ҳисобланади. Футболимиз байроқдорининг гуруҳ босқичидаги илк рақиби қандай жамоа?
«Эроннинг «Пахтакор»и...
«Персеполис»га «Эроннинг «Пахтакор»и» деб таъриф бериш мумкин. Ҳар икки клуб ўз мамлакатининг энг машҳур жамоаси ҳисобланади. «Персеполис» 11 марта Эрон чемпиони бўлган ва бу борада рекордчи ҳисобланади. Чемпионликдан ташқари яна 10 марта турли хил ички кубокларда ғолиб бўлган. 1991 йил Осиё кубок эгалари кубогида (ҳозир бундай мусобақа ўтказилмайди) ғолиб чиққан. Бу жамоада ўз вақтида Али Даи, Али Карими, Меҳди Меҳдавакия, Карим Багири, Муҳаммад Нури, Худодод Азизи каби Эрон футболи афсоналари тўп тепишган.
«Персеполис» нафақат футбол клуби, балки бутун бошли спорт индустрияси номидир. «Персеполис»да 15та спорт тури бўйича атлетлар шуғулланишади. Клубнинг рамзи тарихий Персеполис шаҳридаги устунларда тасвирланган буқалардан олинган.
«Қизил армия»
Уй ўйинларини қизил либосда ўтказувчи «Персеполис»ни мухлислар «Қизил армия» деб аташади. Шижоатли ўйини билан чинакам армияни эслатувчи бу клубнинг мухлислари ҳам армия номига муносиб. Осиё Чемпионлар Лигасида мухлислар ташрифи бўйича бу клубга тенг келадигани йўқ. Ўз ўйинларини афсонавий «Озоди» аренасида ўтказадиган «Персеполис» ОЧЛда кўп мухлис тўплаш бўйича мутлақ рекордчи ҳисобланади.
ОЧЛ тарихида энг кўп мухлис йиққан 20та ўйиннинг барчаси Эронда ўтказилгани ҳайратланарли натижа, шундай эмасми? 20та ўйиннинг 19таси эса «Озоди»да бўлиб ўтган. Бу 19 ўйинга ё «Персеполис», ё «Истиқлол» мезбонлик қилган. ОЧЛ тарихида энг кўп мухлис йиққан дастлабки 5та ўйин «Персеполис» мезбонлигида ўтган. Уларнинг 4тасида стадионга 100 минг мухлис ташриф буюрган.
Бундай ўйинлар қаторида 2015 йил май ойида «Бунёдкор»га қарши ўтказилган учрашув ҳам бор. Ўшанда «қалдирғочлар» 1:2 ҳисобида ютқазишганди. Қайд этиш керакки, «Бунёдкор» 2009 йил «Персеполис»ни «Озоди»да 1:0 ҳисобида мағлуб этганди. Ривалдонинг пенальтидан урган голи тошкентликлар жамоасига ғалаба келтирган ўша ўйинни 95 мингдан ортиқ мухлис стадионда томоша қилган. «Персеполис» ОЧЛнинг амалдаги финалчиси эканини ва айни дамда Эрон чемпионатида етакчилик қилаётганини инобатга олсак, «Пахтакор»га қарши ўйинга ҳам жуда кўп мухлис тушишини тахмин қилсак бўлади.
«Персеполис» ҳозир энг яхши ҳолатда


















