Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларнинг 110 мингдан ортиғи «амнистия» қилинди
Ўзбекистон Республикаси президентининг 20.04.2018 йилдаги ПФ-5421-сон фармонига асосан фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкалари ёки қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 2019 йил 1 майга қадар бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинган.
Жорий йил 1 март ҳолатига ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларнинг 398 400 таси бўйича Давлат хизматлари марказларига аризалар келиб тушган ва улардан 112 425 таси қаноатлантирилиб, 48 405 таси рад этилган бўлса, 234 235 таси кўриб чиқилмоқда, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.
Бу борадаги ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида тузилган комиссиялар зиммасига юклатилган.
Масалан, Наманган вилояти бўйича акция доирасида фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган 15 761 та уй-жойни хусусий мулк қилиб олишга рухсат берилган бўлиб, 21 мингдан ортиқ уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича комиссиялар томонидан иш олиб борилмоқда.
Прокуратура органлари томонидан комиссиялар фаолиятида қонунийликни таъминлаш устидан қатъий назорат ўрнатиш билан бирга, акция доирасида фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқларини таъминлаш борасида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Наманган вилояти, Поп тумани ҳудудидаги Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигига қарашли жами 258 гектар ер майдонида 1 058 та турар жойлар бир неча йиллар олдин ўзбошимчалик билан қурилган бўлиб, мазкур хонадонлардаги 1 152 та оилада жами 4 858 нафар аҳоли истиқомат қилиб келаётган бўлса-да, ушбу ер майдони ўрмон хўжалигига тегишли бўлганлиги сабабли, турар жой эгаларига мулк ҳуқуқи берилмасдан келинган.
Бош прокуратура аралашуви билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан мазкур ер майдонини Поп тумани ҳокимлиги балансига ўтказиш ҳақида келишувга эрилишиб, Поп туман ҳокимининг жорий йил 18 февралдаги 641-сонли қарори билан ўрмон хўжалиги тасарруфидаги 258 гектар ер майдони ҳокимлик балансига олиниши таъминланди.
Ушбу ер майдонида ўзбошимчалик билан турар-жой қурган 1 058 нафар фуқаролардан иморатларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича мурожаатлари қабул қилиб олиниб, уларнинг турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
10:19 / 08.11.2024
“Таниш-билиш ўтмайди” – Кадастр агентлиги директори ерга эгалик ҳуқуқини олишда фирибгарларга алданмасликка чақирди
20:28 / 01.11.2024
Фермер энди ерга ижара ҳуқуқини сотиши мумкин – саволларга жавоблар
14:20 / 24.10.2024