18:00 / 05.03.2019
32609

Президент ташрифи давомида Чортоқ тумани ҳокими ишдан олинган, унинг ўрнига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 февраль — 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида Чортоқ тумани ҳокими Ойбек Ҳайдаров ишдан олинган.

Йиғилиш давомида туманда экспорт режаси бажарилмагани таъкидланган, тумандаги уч сектор раҳбарининг масаласи ҳам кўриб чиқилиши айтилган, шундай камчиликка йўл қўйган яна икки туман ҳокими огоҳлантирилган.

Бугун, 5 март куни Халқ депутатлари Чортоқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда ташкилий масала кўрилиб, Наманган вилояти ҳокимининг 2019 йил 4 мартдаги 158-сонли қарорига кўра, Анвар Отахўжаев Хўжахонович Чортоқ туманининг янги ҳокими этиб тайинланган.

Анвар Отахўжаев
Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Анвар Отахўжаев шу вақтга қадар Олмалиқ кон металлургия комбинати ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

У муқаддам Ўзбекистон Республикаси «Паррандасаноати» уюшмаси раисининг ўринбосари, Наманган вилояти вакили сифатида ЎзЛиДеПнинг сиёсий кенгаши аъзоси бўлган.

Маълумот учун, Ойбек Ҳайдаров 2015 йил 11 декабридан бери Чортоқ туманига ҳокимлик қилиб келаётган эди. 

Ойбек Ҳайдаров
Фото: Kun.uz

Президент 28 февраль куни Чортоқ туманида бўлган эди. Ташриф давомида Чортоқни тиббиёт туризми ва экотуризм марказига айлантириш, Чортоқ шаҳрини экологик шаҳарга айлантириб, унинг марказини қайта қуриш, Чортоқ минерал сувини эса бутун Ўзбекистонга етказиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Top