Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримова 5 март куни уй қамоғидан умумий режимдаги колонияга ўтказилди.
Бош прокуратура маълумотига кўра, Гулнора Каримова жиноий йўл билан орттирилган пулларни ҳамда давлатга етказилган зарарни қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олгач, унга 2017 йил декабрида белгиланган 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси 5 йилга озодликни чеклаш жазосига (уй қамоғига) алмаштирилганди.
Лекин уй қамоғида ўтирган Гулнора Каримова Ўзбекистонга етказилган зарарни қоплашга фаол қаршилик қилган. У шунингдек турар-жойни тарк этмаслик, алоқа ва интернет воситаларидан фойдаланмаслик каби чекловларни ҳам қўполлик билан бузган. Хусусан, у 2018 йилнинг 22 ноябрь куни яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетганида жазони ўташ тартиби ва шартларини бузмаслик ҳақида огоҳлантирилганди.
«ИИВ Жазони ўташ бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати тақдимномаси асосида жазони ўташ талаби ва шартларини қўпол равишда бузгани сабабли жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан Г.Каримовага нисбатан тайинланган жазонинг қолган қисмини жиноят-ижро қонунчилигига мувофиқ умумий режимдаги колонияда ўташ жазосига алмаштириш тўғрисида ажрим чиқарилди», – дейилади Бош прокуратура тарқатган хабарда.
Қайд этиш керакки, Гулнора Каримова иши унинг қизи Имон Каримова 5 март куни ўзининг «Instagram»даги саҳифасида уларнинг Тошкентдаги квартирасига прокуратура ходимлари бостириб кириб, дастлаб онасига таҳдид қилишгани, сўнг уни номаълум томонга олиб кетишганини айтганидан сўнг яна кўтарилди.

«Айни пайтда у қаерда эканлигини ва унга нима қилганлигини ҳеч ким билмайди, аммо Швейцариядаги адвокатлар ва прокурорлар хабардор қилинган ва улар чоралар кўрмоқда», — деб ёзди Имон.
Каримованинг Женевадаги адвокати Грегуар Манжа ўз твиттерида нуфузли нашрларга мурожаат қилиб, ҳолатга эътибор қаратишни сўраган.

Имон Каримова аввал ҳам бир неча марта ижтимоий тармоқда онаси ҳақида маълумот берган, бир сафар онаси билан тушган селфисини жойлаштирган, бошқа сафар онаси ошхонада чучвара пишираётгани акс этган анимацион суратни тарқатганди.















