Ўтган ҳафта Андижон вилояти, Избоскан туманида мудҳиш ҳодиса рўй берди. Фуқаро ўз хонадонида маст ҳолатда сигарета чекиб ухлаб қолиб, тириклайин ёниб вафот этган. Воқеага Андижон вилоят ИИБ ЁХБ қуйидагича изоҳ берди:
“Жорий йилнинг 2 март куни соат 6:22 да Избоскан тумани ЁХБ диспетчерик хизматига Бирлашган маҳалласи, Шалола кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар 36-уйда ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар берган.


Тумани ЁХБ 2 та жанговар ёнғин ўчириш экипажлари соат 6:28да Шалола кўчаси 36-уйга етиб келади. Бу вақтда мазкур уй яшаш хонасининг деразалари қорайган бўлиб ичкаридан тутун чиқаётган эди. Ходимлар ёнғинни ўчириш мақсадида хона ичкарисига киришганида йўлакда хонадон эгаси Қодиров Турғунбой жонсиз ҳолда ётганига гувоҳ бўладилар. Ёнғин тез фурсат ичида экипаж томонидан бартараф этилди.


Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки терговга қадар текширув ишлари давомида Избоскан тумани Бирлашган маҳалла фуқаролар йиғини Шалола кўчаси 36-уйда яшаган Қодиров Турғунбойнинг яшаш уйида маст ҳолда сигарет чекиб ухлаб қолиши оқибатида вафот этгани ва ёнғин сигаретнинг ётоқ жойига тушиб қолиши оқибатида содир бўлганлиги маълум бўлди.
Ёнғин туфайли яшаш хонасининг 1 кв.метр майдонидаги пол қисми, уй жиҳозлари зарарланган. Юқорида келтирилганидек, ёнғинни ўчириш вақтида хонадон эгасининг тутундан заҳарланган ҳолдаги жасади топилган”.

Андижон вилоят ИИБ ЁХБ томонидан ёнғинларни ҳисобга олиш ҳамда улар юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари таҳлил қилинганда 2019 йилнинг 2 ойи мобайнида содир бўлган ёнғинлар 132 тани ташкил этиб, ўтган 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 16,5 фоизга, яъни 26 тага (132-158) оз.
Аҳоли яшаш хонадонларида содир бўлган ёнғинлар 111 тани ташкил этиб, ўтган 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 20,7 фоизга, яъни 29 тага (111-140) камайган.
Ёнғинлар 2018 йилга нисбатан Бўз туманида 100,0 фоиз (2/4) га, Андижон туманида 54,5 фоиз (11/17) га ва Хўжаобод туманида 40,0 фоиз (5/7) га ортган.














