Россиянинг МТС мобил оператори АҚШ Адлия вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар комиссияси билан келишувга эришди. Россия компанияси Ўзбекистондаги собиқ шўъба корхонаси атрофидаги тергов доирасида 850 миллион долларлик жарима тўлашга тайёр.
АҚШ расмийлари ушбу терговни 2014 йилдан олиб боради, 2015 йил баҳорда Нидерландия прокуратураси билан биргаликда Vimpelcom, МТС ва TeliaSonera компанияларининг Гулнора Каримова билан алоқаси борлиги таъкидланадиган Takilant компанияси билан битимлари юзасидан тергов бошлаганди.
Аслида-чи? Нега МТС АҚШга жарима пулларини тўлашга рози бўлди? Гулнора Каримова қандай жиноятларни амалга оширганликда айбланяпти?
Нью-Йорк Жанубий округи прокуратураси баёнотида таъкидланишича, Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова ва МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси - Uzdunrobita собиқ бош директори Бекзод Аҳмедов АҚШда пул ювиш ва 865 миллион доллар миқдорида пора олишда айбланмоқда. Уларга нисбатан жиноий иш очилган.
Қайд этилишича, жиноий иш «хорижий коррупция амалиётлари тўғрисидаги қонун тарихида энг йирик ҳолат» юзасидан очилган.
Тергов версиясига кўра, Гулнора Каримова учта телекоммуникация компаниясидан 865 миллион доллар миқдорида пора олиш ва кейинчалик бу пораларни АҚШ молия тизими орқали ювиш учун ўз расмий мавқейидан фойдаланишда айбланмоқда.
2004-2012 йилларда Uzdunrobita акцияларининг 74 фоизига эгалик қилган МТС компанияси АҚШда таъсис этилган бошқа компания ёрдамида Uzdunrobita'га эга чиққани иддао қилинмоқда. Ўз ўрнида Гулнора Каримова Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қарорларига таъсир ўтказганликда айбланмоқда.
2004 йили «Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси раиси И.Каримов имзолаган ҳужжат эълон қилинади. МТС ўзбек бозоридан чиқиб кетган пайт — 2012 йилда агентлик ҳам ўзгаради.
Президент қарорига мувофиқ, у Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади.
Каримова назоратида фаолият юритгани иддао қилинаётган Kolorit Dizayn Ink МЧЖ реклама агентлиги орқали Гулнора пора пулларни олгани таъкидланмоқда. МЧЖнинг айрим ходимлари 2004-2012 йилларда Uzdunrobita компаниясида ҳам ишлаган.
Шунингдек, АҚШ Нью-Йорк Жанубий округи прокуратураси айбловида Гулнора Каримованинг коррупцион схемасида яна 3та компания (A, B, C) иштирок этгани, уларнинг 3 нафар раҳбари ҳам шу ишга алоқадорлиги таъкидланади. Айбловда компанияларнинг бири 2004 йили ташкил этилган пайтда, унга раҳбарлик қилувчи директор 20 ёшда бўлгани билдирилган.
















