Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”га қуйи палатадаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг ташаббуси билан “Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида”ги масала киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур масала юзасидан ахборот бериш ҳамда депутатлар саволларига атрофлича жавоб қайтариш учун қуйи палатага Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев таклиф этилди.

Вазир ўз ахборотида таъкидлаганидек, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тартиби ҳамда аҳоли учун белгиланган нархлар бўйича истеъмол қилувчи ижтимоий соҳа объектлари рўйхати тасдиқланган. Бу борада ҳозирги кунга қадар қатор ишлар амалга оширилган. Айни пайтда республика бўйича жами 3,3 миллионта суюлтирилган газ абоненти бўлиб, газ таъминоти корхоналари томонидан жами 3,4 миллион дона маиший газ баллонлари етказиб берилган. Бундан ташқари, аҳолининг шахсий 1,1 миллион дона газ баллони бор. Яъни, абонентлар сонига нисбатан таъминланганлик даражаси 137 фоизни ташкил этади. Қолаверса, шу йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республика бўйича 2,1 миллионта ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
2019 йилда суюлтирилган газ манбалари ва тақсимоти балансига кўра, жорий йилда 806,1 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиб, шундан 474,7 тоннаси ёки ўтган йилга нисбатан 60,7 минг тонна кўпроғи аҳолининг маиший эҳтиёжлари учун етказиб берилиши белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги қарорида суюлтирилган газ асосан аҳолининг ўсиб бораётган маиший эҳтиёжларини қоплаш учун йўналтирилиши белгиланганини инобатга олиб, суюлтирилган газни биржада сотиш миқдори йилдан йилга камайтирилиб борилмоқда.
Айни йўналишда Ҳукумат даражасида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинганига қарамай, ҳудудларда аҳоли эҳтиёжлари учун суюлтирилган газ етказиб беришда кўплаб камчиликларга ҳам йўл қўйилмоқда.
Депутатлар вазирга бу борадаги масалалар, аҳолини қийнаб келаётган аниқ муаммолар хусусида саволлар билан мурожаат этдилар. Айниқса, парламент вакилларининг эътирозига сабаб бўлган масала – табиий газ етиб бормайдиган ҳудудларни ўз вақтида суюлтирилган газ билан таъминлаш, газ баллонлари стандартлари ва уларнинг тўлови билан боғлиқ масалалар юзасидан изоҳ сўралди.
















