Президент маҳсулот таннархини камайтириш орқали жаҳон бозорига чиқиш бўйича топшириқлар берди
Президент Нурота туманидаги "Мармаробод" корхонасида тоғ жинсларидан маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Давлат раҳбари ҳар доим бозор талабларини ўрганиш, бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлайди. Бу товарнинг харидоргирлиги, корхонанинг барқарор ишлашини таъминлайди, дейилади хабарда.
Хусусан, кейинги йилларда ҳам ички, ҳам ташқи бозорда пардозбоп тошларга талаб ошган. Нурота туманида бундай тошларнинг катта захираси бор.
Президентнинг аввалги ташрифи чоғида берилган топшириққа мувофиқ «Мармаробод» давлат унитар корхонаси ташкил этилди. 10 миллиард сўм маблағ эвазига даштликдаги 6 гектар ерда замонавий корхона ишга туширилди. Хориждан 655,5 минг долларлик технология олиб келиниб, йилига 24 минг квадрат метр гранитни қайта ишлаш имконияти яратилди. Қирқ киши иш билан таъминланди. Булар лойиҳанинг биринчи босқичи.
Иккинчи босқичда табиий тошларни қазиб олиш ва қайта ишлашни кластер усулида йўлга қўйиш режалаштирилган. Лойиҳа қувватини йилига 3 миллион квадрат метрга етказиш, маҳсулотлар турини кўпайтириш ва экспортга йўналтириш кўзда тутилган. Бунинг натижасида йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 250 миллиард сўм, экспорт ҳажми 10 миллион долларга етиши, бир ярим мингга яқин иш ўрни яратилиши мумкин бўлади.
Давлат раҳбари корхона маҳсулотларини кўздан кечирар экан, улар жаҳондаги муқобилларидан қолишмаслигини таъкидлади. Самарали технологияларни қўллаш, транспорт харажатларини арзонлаштириш ҳисобидан маҳсулотлар таннархини камайтириш, шу орқали ташқи бозорларга чиқиш бўйича топшириқлар берди. Пардозбоп тошларни жаҳон стандартлари асосида чуқур қайта ишлайдиган кадрлар тайёрлаш, бунёдкорлик ишларида маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Шу ерда Навоий вилоятида 2019-2020 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда мармардан саноат ҳайкалтарошлигини ташкил этиш, Нурота тумани Ғазғон шаҳарчасини Бош режа асосида ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Президент мазкур ҳудуд инфратузилмаси ва саноатини ривожлантириш учун бу ерга темир йўл олиб келиш таклифини билдирди.
Бундан олдин, Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига жўнаб кетгани хабар қилинганди.