8–13 апрель кунлари Тошкентда учинчи ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталиги ўтказилади. Бу йилги ҳафталик концепциясида сезиларли ўзгаришлар рўй берди.

Биринчидан, тармоқ тадбирлари кўлами кенгайди: ADWEEK доирасида бир вақтда иккита – маркетинг ва реклама соҳасида халқаро конференциялар ўтказилади.

Уларда қатнашиш учун Россия, Украина, Қозоғистон ва Қирғизистондан халқаро миқёсдаги энг яхши амалиётчи-экспертлар таклиф этилган. Хорижий мутахассисларни саралаш маркетинг соҳасидаги маҳаллий экспертлар фикрларини, маърузалар мавзуларининг янгилиги ва долзарблигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди. Бунга, кўп жиҳатдан, бизнес-тренинглар ва семинарлар ташкил қилувчи компаниялар қўллаб-қувватлаши эвазига эришилди.

8–9 апрелдаги маркетинг конференциясида қуйидагилар маъруза қилади: Андрей Себрант – Яндекс стратегик маркетинг бўйича директори, Андрей Федорив – Украинадаги биринчи рақамли маркетолог, Fedoriv брендинг агентлиги асосчиси, Илья Балахнин – россиялик биринчи рақамли амалиётчи-маркетолог, Paper Planes Consulting Agency бош директори ва бошқарувчи шериги, Владислав Бермуда – Россиядаги кросс-маркетинг бўйича биринчи рақамли эксперт, Дмитрий Сидорин – Sidorin Lab шаън бошқаруви бўйича биринчи рақамли агентлик асосчиси ва раҳбари, Алексей Шпико – IMZO компанияси бош директорининг ривожланиш бўйича ўринбосари, Асхат Ускембаев – АЗ Қозоғистон амалий реклама мактаби асосчиси, шунингдек маркетинг соҳасининг бошқа «юлдуз»лари.

«Шу кунларда, учинчи ADWEEK ҳафталигига тайёргарлик давомидаёқ «биринчи» ва «энг яхши» иборалари тез-тез янграмоқда. Бу йилги мақсадимиз – тадбирни барча иштирокчилар учун максимал даражада самарали ўтказиш. Токи бу самара нафақат уларнинг ўз бизнеслари ривожида, балки бутун маркетинг тармоғи тараққиётида ҳам акс этсин. Шу сабабли, биринчи бор катта амалий тажрибага эга хорижий мутахассисларни таклиф этишга урғу бердик.  Барча маърузалар бетакрор бўлади. Конференцияга келган ҳар бир киши икки кун ичида маркетингнинг турли йўналишлари бўйича аниқ билимларга бойибгина қолмай, шу ердаёқ «ўзида синаб кўриши» мумкин бўлади. ADWEEK бу йил ҳам маркетинг ва реклама соҳасидаги асосий таълимий ва коммуникацион майдон бўлиб қолади», - деб таъкидлади ҳафталик ташкилотчиси, «Миллий маркетинг маркази» корхоналар ассоциацияси бошқаруви раиси Диёр Мирзааҳмедов.

Халқаро маркетинг конференцияси билан параллел равишда, қарор топган анъанага кўра, маркетинг ва реклама кўргазмаси ҳам ўтади. Бу йил дизайн, брендинг, креатив, digital, SMM, рекламада визуал технологиялар, ташқи реклама, полиграфия хизматлари, сувенир маҳсулотлар, web production ва бошқа, жами 12та мавзуий йўналиш бўйича компаниялар қатнашиши кутилмоқда.