Ўзбекистон Республикаси Президенти «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 30 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган.

Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги 353-1-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

2-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади»;

4-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«4-модда. Фуқароларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атмосфера ҳавосидан фойдаланиш;

атмосфера ҳавосининг ҳолати ҳамда уни муҳофаза қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларидан ўз вақтида ва ишончли ахборот олиш;

атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқарилиши ҳамда унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши туфайли ўз соғлиғига ва мол-мулкига зиён етказилган ҳолларда зарарнинг ўрни қопланиши;

атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни ва жамоатчилик экологик экспертизасини амалга оширишда иштирок этиш.

Фуқаролар:

атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

атмосфера ҳавосининг ифлосланишига, камайишига ва унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатишига олиб келувчи ҳаракатларни содир этмаслиги шарт»;

қуйидаги мазмундаги 5-1-5-4 моддалар билан тўлдирилди:

«5-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари