Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш ва операция ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш ва операция ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Низом тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири (А.Қ.Шодмонов)га:

2019 йилдан бошлаб, болаларда эшитиш бузилишларини эрта ташхислаш мақсадида туғруққа кўмак берувчи муассасаларда янги туғилган чақалоқларни скринингдан ўтказишни ташкил қилиш;

карлик ва эшитиш заифлиги бўлган болаларни даволаш ва реабилитация қилишда инновацион технологияларни жорий қилиш ва ўрнатилган тартибда жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан кохлеар имплантларини харид қилишни давом эттириш;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари билан биргаликда кохлеар имплантларни ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар ҳамкорлигида Республиканинг барча минтақаларида карлик ва эшитиш заифлиги бўлган болаларни операциядан кейинги реабилитация қилиш дастурини ишлаб чиқиш ва татбиқ этишни ташкиллаштириш вазифалари юклатилади.

Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш ва операция ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобига кохлеар имплантация операциялари ўтказиладиган Муассасаларга қуйидагилар киради:

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт маркази;

кохлеар имплантация операцияларини ўтказишга имконияти бўлган Давлат ва нодавлат тиббиёт марказлари.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобига болаларда бажарилган кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирларини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари томонидан ишлаб чиқарилган меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Кохлеар имплантация операцияси бемор бола 5 ёшга тўлгунга қадар ўтказилганда ижобий натижа беришини ҳисобга олиб, Давлат бюджети маблағлари ҳисобига харид қилинган имплантантлардан самарали фойдаланиш учун улар 5 ёшга тўлмаган болаларга бепул тақдим этилади.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир беморга фақат бир томонлама кохлеар имплантация операцияси бепул бажарилади.