
Бугун Тошкент шаҳрида “Humo Arena” кўп тармоқли муз саройининг тантанали очилиш маросими бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, барчани ушбу қутлуғ воқеа билан табриклади.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларда соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
– Юртимизнинг барча ҳудудларида, ҳатто олис туманларда замонавий ва оммабоп спорт инфратузилмаси яратилмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар сони ошиб бормоқда. Кейинги икки йилда Ўзбекистон спортчилари халқаро мусобақаларда мингдан зиёд, шу жумладан, 400 дан ортиқ олтин медалларни қўлга киритди, – дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда президент матбуот хизмати.

Бугунги кунда спортнинг бокс, дзюдо, эркин кураш, бадиий гимнастика, шахмат ва бошқа турлари бўйича ўзбек мактаблари бутун дунёга маълум ва машҳур. Мамлакатимиз нуфузли халқаро турнирлар, хусусан, жаҳон ва минтақа чемпионатларини қабул қилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2030 йилги ёзги Осиё ўйинларини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси илгари сурилган.
– Ватанимиз спортчилари фигурали учиш, хоккей, тоғ чанғиси, фристайл, сноуборд каби энг томошабоп қишки спорт турларида ҳам муносиб иштирок этишларига интилмоқдамиз. Фристайл бўйича қишки Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларидаги олтин медаллар, фигурали учиш бўйича Осиё ўйинлари ва бошқа халқаро мусобақаларда қўлга киритилган етмишдан ортиқ медал бу борадаги ютуқларимиздир. Биз ушбу шонли спорт анъаналарини давом эттиришни бурчимиз деб биламиз, – дея таъкидлади Президентимиз.
Ўзбекистон давлат мадҳияси янграб, мамлакатимиз байроғи баланд кўтарилди.


Очилиш маросими спортчи ва санъаткорлар ҳамкорлигида тайёрланган шоу дастур билан давом этди. Муз майдони сатҳида 3D мэппинг технологияси асосида Ҳумо қуши, бу ерда ўтказиладиган спорт турлари тасвири намойиш этилди. Спортчи ёшлар ҳамда болалар кўргазмали чиқишлар қилди. Ўзбекистоннинг ёш спортчилари ва машҳур хоккейчилар ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди.
























