Фуқаролар тез-тез мурожаат этадиган битимлар, шунингдек қарз шартномасининг қонунчилик асослари ҳар томонлама мустаҳкамланган бўлишига қарамасдан, судларда қарзни ундириш билан боғлиқ низолар сони ҳали ҳам камаяётгани йўқ.
Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят судлари томонидан 2017 йил ва 2018 йилнинг тўққиз ойи давомида кўриб чиқилган қарз ундириш билан боғлиқ ишлар таҳлили мисолида бу турдаги мурожаатлар сон жиҳатидан ортганлигини кўриш мумкин.
2017 йилнинг тўққиз ойида қарз шартномаси билан боғлиқ 252 та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврида 368 тани ташкил этган. Агар 2017 йилнинг тўққиз ойида 205 та иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлса, 2018 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 335 тага етган.
Ёки ана шу қарз шартномасига оид 198 та иш 2017 йилнинг тўққиз ойида қаноатлантирилган бўлса, 2018 йилнинг шу даврида бу рақам 104 тага ортган, яъни 302 та даъво қаноатлантирилган.
2017 йилнинг тегишли даврида 2 миллиард 270 миллион 95 минг 373 сўм, 2018 йилнинг ана шу даврида эса, 3 миллиард 416 миллион 883 минг 795 сўм қарз суд қарори билан ундириб берилган.
Хўш, қарз олди-бердиси билан боғлиқ мурожаатлар сон жиҳатдан камаймаётганининг сабаби нимада?
Бу, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти ошиб бораётгани, судларга нисбатан ишончи ортаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, ушбу ҳолат қарз берувчи ва қарз олувчилар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ билмаслиги ҳамда қарз шартномасини тўғри расмийлаштирмаётганига ҳам бориб тақалади.
Шундай экан, фуқаролар қарз шартномаси билан боғлиқ қонун нормалари ва ҳуқуқий асосларни билиб қўйиши ҳеч қачон фойдадан холи бўлмайди.
Фуқаролик кодексининг 732-моддасида белгиланганидек, қарз шартномаси бўйича бир тараф — қарз берувчи иккинчи тарафга, яъни қарз олувчига пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса, қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ё қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни ёхуд қарз суммасини қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Қарз шартномаси шартига кўра, қийматга эга олинган нарса шартномада кўрсатилган вақтда қайтарилиши лозим. Борди-ю, қайтариш муддати шартномада кўрсатилмаган бўлса, қарз қарзни берувчи талаб қилган вақтда қайтарилиши керак.
















