Қашқадарё вилояти, Китоб туманининг тоғ ён бағрида жойлашган, сўлим "Қайнар" қишлоғи ҳудудида Наврўз байрами арафасида халқаро кўпкари ва миллий халқ ўйинлари мусобақалари бўлиб ўтди. Мусобақа доирасида миллий кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, қўчқор, хўроз уриштириш каби миллий халқ ўйинлари ҳам ўтказилди.

Шу муносабат билан юртимиз полвонлари ва моҳир чавандозлари Китоб тумани Қайнар қишлоғи яқинидаги кенгликларда жам бўлишди.

Майдонда ор-номус, ғурур талашиш полвонларнинг қонида бор. Ўзбек йигити болалигидан билагига куч, бошига ақл йиғади. Халқимизда от минишга, кўпкари томоша қилишга қизиқмаган йигит кам бўлса керак.

Кўпкари оддий кўнгилочар ўйин эмас, у эрни эр қиладиган, мардлик, жасурлик, эпчиллик ва довюракликни шакллантирадиган жиддий машғулот. Асосий масала совринга қўйилган қимматбаҳо нарса эмас, аксинча, баковулнинг адолати, номдор чавандознинг абжирлиги, ҳақиқат ғалаба қозониши, омад доим мардники бўлишидир.

Кўпкари ўйини ҳам муросасиз олишувларга бой бўлди. Президент соврини учун Марказий Осиё давлатлари, қўшни Афғонистон чавандозлари ҳам от чоптирган кўпкарида шаҳрисабзлик Сирожиддин Жовлиев “Фонар” лақабли оти билан ғолибликни қўлга киритиб, “Jentra” автомобилини мукофот сифатида қабул қилиб олди.

Кураш мусобақасида эса ғузорлик  Шерали Жўраев мутлақ вазн тоифасида ғолиб чиқиб, бош соврин - "Spark" автомобилини қўлга киритди. Шунингдек, кураш бўйича аёллар ўртасида ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди.