Россиянинг «МИФИ» (Московский инженерно-физический институт - Москва муҳандислик-физика институти) миллий тадқиқот ядровий университети (МТЯУ) Тошкентдаги филиалига илк абитуриентларни қабул қилишга фаол тайёргарлик кўрмоқда. Олий таълим муассасасаси (ОТМ)га қабул кампанияси шу йилнинг июнь ойидан бошланади, дея хабар берди Kun.uz мухбири «МИФИ» МТЯУ филиали раҳбари Алишер Санетуллаевдан олинган маълумотларга асосланиб.

"Ҳозирда «МИФИ» МТЯУ филиали очилишига тайёргарлик ишлари бир неча йўналиш бўйича фаол кетмоқда: бу филиалнинг таълим фаолиятини "Рособрнадзор" (Россиянинг илм-фан ва таълим соҳасини назорат қилувчи Федерал хизмат)да лизензиялаш, давлат бюджетидан молиявий воситаларни олиш, маъмурий персонал ҳамда профессор-ўқитувчиларни тўплаш. Бундан ташқари, бош ОТМ билан бирга филиалда қабул кампаниясини йўлга қўйишга доир деталлар устида иш олиб бораяпмиз, бу июнь-июль ойларига мўлжалланган", - дея маълум қилади Алишер Санетуллаев.

«МИФИ» МТЯУ филиалига абитуриентлар физика, математика ва рус тили бўйича имтиҳонлар натижаларига кўра сараланади. Энг кўп балл тўплаган 100 нафар абитуриент ўқишга қабул қилиниб, давлат гранти асосида бепул таълим олиши мумкин бўлади. Қабулнинг қадамма-қадам алгоритми яқин орада «МИФИ» МТЯУ филиали сайтида тақдим этилади.

Жорий йилда саралов фақат бакалавр дастурларига тўрт ихтисослик бўйича ўтказилади:

·      Ядровий энергетика ва иссиқлик физикаси;

·      Ядровий физика ва технологиялар;

·      Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси;

·      Электр энергияси ва электр техникаси.

ОТМ талабалари халқаро стандартларга мувофиқ ядровий энергетика ва иссиқлик физикаси бўйича муҳандислик-техник мутахассисликларига ўқитилади.

"Биз асосий эътиборни Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилаётган АЭС учун кадрлар тайёрлашга қаратамиз. Шунга қарамай, олинган билим ва кўникмалар битирувчиларга аралаш юқори технологик соҳаларда ўз ўринларини топиш имконини беради. «МИФИ» МТЯУ халқаро даражадаги университет мақомига эга бўлиб, нафақат ядровий технологиялар соҳасида, балки бошқа илмий соҳаларда ҳам халқаро стандартлар талабига жавоб берувчи юқори тоифали мутахассисларни тайёрлаш билан шуғулланади", - деди Алишер Санетуллаев.

Унинг сўзларига кўра, бир неча йилдан кейин, илк ядровий мутахассис битирувчилари чиқарилаётганда филиалда магистратура дастури очилиши мумкин. Ҳозирча Ўзбекистондаги ОТМ битирувчилари магистратура дастури бўйича фақат Москвадаги бош бўлимда таълим олиши мумкин.