Шу йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига алоҳида тўхталиб, “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидлади.

Президентимизнинг ушбу ташаббуси давлат органлари, кенг жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежи кутубхонасига китоблар жамланмасини совға қилди.

Агентлик раҳбар-ходимлари, коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган тадбирда таълим маскани кутубхонаси 300 дан ортиқ китобга бойиди.

“Давлатимиз раҳбари томонидан ўртага ташланган бу ташаббус бевосита келажак авлод тақдири билан боғлиқ,деди Комил Алламжонов.

– Инсон қанча кўп китоб ўқиса, маънавияти шунча юксалади, дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабати ўзгаради. Агар китобларимиз сифатли, мазмунли чиқишини хоҳласак, бўлажак ноширларга кўпроқ китоб совға қилишимиз, уларни китобга дўст қилишимиз керак”.

Шундан сўнг Комил Алламжонов Агентликнинг Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежи билан танишди.

Айтиш керакки, ушбу таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 февралдаги Фармонига мувофиқ Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфига ўтказилган.