Cамарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор Азиз Ибодуллаев ўзини бир неча ойдан буён қийнаб келаётган муаммо билан Kun.uz таҳририятига мурожаат қилди.
Тадбиркор 2013 йил июлида шаҳарнинг Н.Ёқубов кўчасида иккита мини футбол майдони қурилишини бошлаб, 2017 йил Наврўз байрами куни тўлиқ фаолиятини бошлаган. Қурилиш ишларига 1,6 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган. Бугун ана шунча маблағ ҳавога учиш арафасида — майдонларни бузиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси марказий девонидан бир неча марта хат келиб турибди.
Аслида, бу ҳудудда Самарқанд озиқ-овқат касб-ҳунар коллежи жойлашган. А.Ибодуллаев таълим муассасаси билан тегишли қонунчиликка мувофиқ, расман келишган ҳолда бу ерда қурилиш ишларини бошлаган. Муҳими, бу бўйича Самарқанд шаҳар ҳокимининг «Қуришга рухсат бериш тўғрисида»ги қарори ҳам бор. Шунингдек, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасининг рухсати ҳам. Хуллас, ҳаммаси жойида (Тўғрисини тан олиш керак, майдон коллежга тегишли бўлгани сабабли, тадбиркорга ерга эгалик ҳуқуқи берилмаган).
Мазкур майдонлар ишга тушгач, атрофдаги мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари, шаҳардаги маҳалла фуқаролари ҳамда корхона-ташкилотларнинг ишчи ходимлари машғулотлар ўтиб келаётганди. Тадбиркор ҳам хурсанд, аҳоли ҳам. Қўшимчасига, учта хонадоннинг тирикчилиги ҳам ўтиб турибди.
Жорий йил июнь ойигача ҳаммаси яхши кетаётганди, — дейди тадбиркор. — Июнь ойи охирларида ўзини Миллий гвардияга қарашли ҳарбий қисм командири ўлароқ таништирган бир киши келиб, коллеж ҳудуди гвардияга ўтиш арафасида эканлигини айтди. Менинг шунча меҳнатим, харажатларим ҳақида гап очилганида, футбол майдонларининг смета қийматини сўраб, сотиб олинишини маълум қилди. Мен, тегишли ҳужжатлар ҳали чиқсин қани, деганимда, «ҳужжатлар 100 фоиз чиқади», деб ишонтирган эди.
Ҳақиқатан ҳам орадан ҳеч қанча ўтмасдан, мен қурган майдонлар ҳудуди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Самарқанд вилоят бошқармаси ихтиёрига ўтиб кетди. Ана шундан кейин бошқармадан кетма-кет стадионнни бузишим тўғрисида хатлар келмоқда. Ишнинг яна бир томони борки, озиқ-овқат коллежи кўчиб кетгандан кейин кадастр инвентар ҳужжатини тайёрлатилганда мазкур майдонлар киритилмаган. Яъни, ушбу ҳудуд футбол майдонларисиз руйхатдан ўтказилган. Ана шу хатонинг жабрини нега мен тортишим керак?
Тадбиркор дастлаб Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасига, кейин вилоят ҳокимига, кейин эса тегишли деярли барча республика идораларига мурожаат қилиб кўрди. Жавоб ҳар хил, муаммо эса ҳали ҳам ечим топмаган.
«Вилоят ҳокими келиб майдонларни кўрди, шароитларга қизиқди, аммо майдонлар тақдири бўйича аниқ гап айтмади», — дейди А.Ибодуллаев.




















