Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда, фуқаро Д.В. бошқа бир фуқарони танишлари орқали Қозоғистондаги университетлардан бирига тўғридан тўғри 3-курсга ўқишга киритиб, кейинчалик ўқишини Ўзбекистонга кўчириб бериши эвазига 3,5 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, бошқа бир ҳолатда Д.В. фуқаро М.ни Тожикистондаги университетга ўқишга киритиб, кейин Ўзбекистонга кўчириб бериш эвазига 3 минг доллар олгани аниқланган.

Бундан ташқари, департамент ҳамда ДХХ Гулистон тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро Ф.Г. бошқа бир фуқаро Р.ни танишлари орқали Украинадаги ОТМлардан бирида ўқиётгани ҳақида ҳужжат қилиб, ўқишини Гулистон Давлат университетига кўчириб бериш эвазига 3,2 минг доллар сўраб, шундан 1,5 минг доллар олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Самарқандда фуқарони 5 минг доллар эвазига ўқишга киритмоқчи бўлган ОТМ бўлим бошлиғи ушланганди.