Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.
Белгиланишича:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ижтимоий ҳимояни амалга оширувчи масъул бўлган ваколатли орган ҳисобланади;
ҳимоя қилинувчи шахсларни ҳимоя қилиш чораларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.
Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, бир марталик тўланадиган нафақалар белгиланган тартибда ўзига нисбатан ҳимоя қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларига, ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда – ҳалок бўлган (вафот этган) шахснинг оила аъзоларига ва унинг қарамоғида бўлган шахсларга тўланади.
Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда, ҳалок бўлган (вафот этган) шахснинг оила аъзоларига ва унинг қарамоғида бўлган шахсларга ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўланади ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланади.
Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан унга ногиронликни келтириб чиқарувчи тан жароҳати етказилган ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўланади ва ногиронлик пенсияси тайинланади.
Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан унга ногиронликни келтириб чиқармайдиган тан жароҳати етказилган ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўланади.















