Жамият, адабиёт хусусан, ўзбек адабиёти, унинг таҳлиллари, муаммолари юзасидан қатор кўрсатув ва суҳбатларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этиб келаётган Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши таниқли ёзувчи Назар Эшонқул бўлди.

Ёзувчи билан бугунги жамият ва адабиёт ҳақидаги суҳбатимиз очиқ ва самимий руҳда ўтди.

Видео: Mover (Tas-IX)

https://mover.uz/video/embed/RpprMVAm/

Видео: Youtube.com

— Назар ака, инсоният яралибдики, санъатга хусусан, адабиётга интилиб яшайди. Айтингчи, инсонда бу оламга бўлган интилиш, эҳтиёж аслида қандай пайдо бўлади, қачон пайдо бўлади ва унинг пайдо бўлишига сабаб нима? Адабиётдан узоқ инсон қандай инсон?

— «​Адабиёт нима?»​ —​ деган саволга сиз билан менгача ҳам жуда кўпчилик жавоб излаган, аммо аниқ ва тўлақонли жавобни ҳеч ким беролмаган. Ўйлашимча, адабиёт инсон жаннатдан узилгандан кейин (Одам Ато ва Момо Ҳаво) ўша ҳақиқий дунёдан узилиш ва унинг соғинчи асосида пайдо бўлди. Шунинг учун ҳам эҳтимол аввал сўз пайдо бўлгандир.

Ҳатто инсонни қутқариш учун бу оламга юборилган воситаларга қарасак ҳам унда муқаддас китобларни кўрамиз. Яна ўша китоб ва яна ўша сўз. Демак, адабиёт бу – сўз санъати. Айнан адабиёт муқаддас бўлган туйғуларни инсониятга эслатиб туради. Одамни азал ва абад билан бирлаштириб туради, содда қилиб айтганда эса одамийлигини эслатиб туради.

Адабиётдан узоқ инсон қандай инсон​ деган саволингизга иккита ҳолат бўйича гапириш керак бўлади.

Биринчиси «Пайғамбарлар китоби» деган кино бор. Ана шу кино воқеликларида жаҳон уруши рўй беради ва урушдан сўнг ер юзида тамаддуннинг жамики илдизлари йўқолиб кетади. Энди тирик қолган инсонлар ҳаётни қайтадан бошлаяпти. Аммо бу инсонларда ҳеч қандай манба ва асос йўқ. Улар бугунги тушунчамиз билан баҳолаганда ҳайвонлардан деярли фарқ қилмайди. Чунки уларнинг кун кечириш ва яшаш учун кураши фақат нафс, яъни қорин тўйдириш учунгина бўлади. У тўда бўлиши ҳам фақат қорин тўйдириши ғамидан. Бунинг учун бир-бирини ғажиб ташлашга ҳам тайёр.

Ана шундай пайтда бу одамлар китоб ҳақида эшитиб қолишади ва энди шу китобни қўлга киритиш учун ҳаракат бошланади. Бу оддийгина тимсолий ишланган саҳна. Аммо унда қорин ғамидан бошқасини билмайдиган ҳайвоний, нафсга қул бўлган одамнинг ҳақиқий инсонга айланиш жараёнида адабиётнинг хизмати кўрсатиб берилган.