Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Мактаб ўқувчиларини синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш масалалари умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи шахсларнинг таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.

Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш бепул амалга оширилади.

Ўқувчини синфдан синфга ўтказиш

Ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини синфдан синфга ўтказиш ҳуқуқига эга.

Ота-оналар фарзандини синфдан синфга ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан мурожаат қилади.

Мактаб директори аризани қабул қилиб олган кундан бошлаб бир иш куни ичида кўриб чиқади ва ўқувчини синфдан синфга ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилади.

Синфдаги ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган тақдирда, мактаб директори ўқувчини синфдан синфга ўтказишни рад қилиши мумкин.

Синфдан синфга ўтказиш рад этилганлиги ҳақида мактаб директори томонидан уч кун ичида ота-оналарга ёзма равишда маълум қилинади.

Мактаб директорининг ўқувчини синфдан синфга ўтказиш тўғрисидаги буйруғи қабул қилингач, уч кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.

Ўқувчини бир мактабдан бошқасига ўтказиш

Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга.

Ота-оналар фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда ўқувчи таълим олаётган мактаб директори номига ариза билан мурожаат қилади.