Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги миссияси маълумотларига кўра, мажбурий меҳнатга барҳам бериш масалаларига масъул вакиллар Брюссель шаҳрида «Ўзбекистон пахта теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қандай барҳам бермоқда» мавзусидаги мунозара форумида иштирок этади.
Мазкур тадбир Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, Ўзбекистон, Америка Қўшма Штатлари ва Швейцария Элчихоналари томонидан ташкиллаштирилмоқда. Форум ишида Европа комиссияси, халқаро ноҳукумат ташкилотлар вакиллари, меҳнат ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланувчи ноҳукумат ташкилотлар, пахта ишлаб чиқаришда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши бўлган компаниялар иштирок этади.
Ташриф дастуридан Европа Иттифоқи, Белгия Қироллиги, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар, Европанинг йирик ишлаб чиқарувчилари, ритейлорлари ва касаба уюшмалари бирлашмалари ҳамда етакчи Европа брендлари вакиллари билан учрашувлар ўрин олган.
Ҳукумат делегацияси Касаба уюшмалари халқаро конфедерацияси бош котиби Шаран Барроу, Human Rights Watch халқаро ноҳукумат ташкилоти ва бошқа халқаро институтлар вакиллари билан ҳам музокаралар олиб боради.











