08:00 / 31.03.2019
6328

Саланинг учувчиси дальтонизм туфайли кечаси учиш ҳуқуқига эга бўлмаган

«Кардифф Сити» ҳужумчиси Эмилиано Салани ҳаётдан олиб кетган авиаҳалокат юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.

BBC`нинг хабар беришича, лайнер учувчиси Дэвид Ибботсон дальтонизмга чалинган бўлган, яъни у рангларни тўлиқ ажрата олмаган. Кўриш сезгисида бундай дефекти бўлган пилотларга сутканинг қоронғи вақтида парвозларни амалга ошириш эса тақиқланган.

Ҳозирча ушбу маълумот тасдиқланмади. Буюк Британия Фуқаро авиацияси бошқармаси тергов ўз ишини якунламагунга қадар бу ҳақда изоҳ берилмаслигини маълум қилган.

Аввалги хабарларда Ибботсон ушбу тижорий парвозларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмагани, боиси унда фақат Буюк Британия ва АҚШ ҳудудидагина хусусий самолётларни бошқаришга рухсат берувчи лицензия бўлгани айтилганди. 

Тергов хулосаси 2020 йил бошида эълон қилиниши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҳалокат 21 январда бўлган, ўша куни бортида фақат Сала ва учувчи бўлган «Piper PA-46 Malibu» русумли самолёт Франциянинг Нант шаҳридан Уэльс пойтахти Кардиффга қараб йўлга чиққач, манзилга етишига бир соат қолганида радарлардан йўқолиб қолганди. Самолёт сўнгги марта 700 м баландликда, Олдерни оролидан 13 км узоқликда эканида алоқада бўлганди.

Ҳаво кемаси қолдиқлари 3 февраль куни Ла-Манш бўғозидан топилди. 67 метр чуқурликдаги самолёт бортида аниқланган жасад бармоқ излари орқали Салага тегишли экани тасдиқланди. 60 ёшда бўлган учувчи Дэвид Ибботсоннинг жасади эса ҳали топилганича йўқ.

Маълумотларга кўра, «Кардифф» Салага тижорий парвоз ташкил қилиб беришни таклиф қилган, аммо футболчи бунга қадар ўзи бошқа самолётни буюртма қилиб бўлганини айтган. Парвозни агент Уилли Маккей ташкил этган, у на самолёт ва на учувчини танлашда қатнашмаганини айтмоқда. 

Дастлабки тахминларга кўра, ҳалокатга ноқулай об-ҳаво сабаб бўлган.

Top