Украина Марказий сайлов комиссияси овозларнинг 60 фоизини ҳисоблаб чиққанидан кейин ҳеч бир номзод сайловчиларнинг етарлича овозини тўплай олмагани тўғрисида расман маълум қилди ва мамлакатда президентлик сайловларининг иккинчи тури ўтказилиши аниқ бўлди.

Бунгача ҳам, овоз бериш жараёни якунланиши биланоқ «Миллий экзитпол» дастлабки маълумотларни эълон қилган, унга кўра 39 номзод қатнашган сайловда телебошловчи ва актёр Владимир Зеленский 30 фоиздан ортиқ овоз билан биринчи, Украинанинг амалдаги президенти Петро Порошенко эса 16 фоиздан ортиқроқ овоз билан иккинчи бўлгани, шу икки сиёсатчи кейинги турда ўзаро курашиши маълум бўлганди. Фаворитлардан яна бири, 13 фоиздан ортиқроқ овоз билан учинчи бўлган Юлия Тимошенко эса натижага рози бўлмади ва овозлар қалбакилаштирилгани ҳақида гапирди.

Сайлов куни ҳақида қисқача

Фото: Глеб Гаранич / Reuters

31 март куни Украинада президентлик сайловларининг биринчи тури ўтказилди. Бу сайлов мамлакатда Евромайдан воқеаларидан кейинги иккинчи президентлик сайлови бўлди, бу сайловдан олдин иккинчи турга кимлар ўтишини айтиб бўлмасди.

Украина Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сайловлар жиддий қоидабузарликларсиз ўтган. Айрим участкаларда полициячилар сайлов комиссиясининг маст ҳолатдаги аъзоларини четлатишига тўғри келган, Подольскда эса сайлов участкаси ҳудудига ёнувчи аралашма улоқтирилди (ёнғин тезда бартараф этилди). Аммо ИИВ ҳисоботида қайд этилишича, сайловдаги қоидабузилишлари тизимли бўлмаган ва овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатмаган.

Тимошенко билан нима бўлди?

Юлия Тимошенко биринчи тур натижаларини тан олмади. У сайлов участкалари ёпилиши билан тарқалган экзитпол маълумотларини «манипуляция қилинган» ва «сотилган» деб атади.

Сиёсатчи ўз тарафдорлари ҳам бутун Украина бўйлаб экзитпол ўтказишгани, унга кўра ўзи иккинчи ўринни эгаллагани, шу туфайли иккинчи турга Зеленский билан бирга ўзи ўтиши керак бўлгани ҳақида гапирди.

Тимошенко ўз тарафдорларини жиддий ҳаракатларга ундамади, аммо улардан кечаси сайлов участкаларида қолиб, «мафия» натижаларни сохталаштиришига йўл қўймасликни сўради.

Айрим гумонларга кўра, Тимошенконинг ёмон натижа кўрсатишига сайлов бюллетенида Олий рада депутати Юрий Тимошенко номзоди ҳам кўрсатилгани сайловчиларни адаштирган бўлиши мумкин.