Ўзбекистон Республикаси Президенти “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжат билан “Ўзкимёсаноат” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат ва “Ўзкимёсаноат” АЖ улушларини қуйидаги тартибда сотиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди:
а) инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан потенциал инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш йўли билан:
“Самарқандкимё” АЖ устав капиталидаги 60,35 фоиз давлат акциялари ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 39,65 фоиз акцияларини экологик жиҳатдан зарарсиз замонавий кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш шарти билан “ноль” харид қийматида;
“Қўнғирот сода заводи” МЧЖ устав фондидаги “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 51 фоиз улушини корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини йилига 200 минг тоннадан 450 минг тоннагача ошириш ва янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун инвестицияларни жалб қилиш шарти билан бозор қийматида;
“Қўқон суперфосфат заводи” АЖ устав капиталидаги 70,54 фоиз давлат акциялари ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 25 фоиз акциялари – “Индорама” (Сингапур) компаниясига суперфосфат ишлаб чиқариш қувватини 100 фоиз соф ҳолда 63минг тоннага етказиш ва янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан 4,3 миллион АҚШ доллари миқдорида сотиб олиш қийматида;
б) “Фарғонаазот” АЖ устав капиталидаги 48,05 фоиз давлат акциялари ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 2,95 фоиз акцияларини инвестор томонидан аммиак ишлаб чиқариш қувватини йилига 660 минг тоннага, карбамидни – 600 минг тоннага, аммиакли селитрани – 700 минг тоннага ва азот кислотасини – 530 минг тоннага етказиш бўйича инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан – танлов савдоларида бозор қийматида;
в) "Электркимёзавод" ҚК АЖ устав капиталидаги “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 26,14 фоиз акцияларини – очиқ савдоларда бозор қийматида;
г) “Жиззах пластмасса” АЖ устав капиталидаги 25 фоизгача акциялар – дастлабки босқичда бирламчи оммавий таклифни (IPO) ўтказиш асосида;
д) қуйидагилар орқали:
“Деҳқонобод калий заводи” МЧЖни акциядорлик жамиятига ўзгартириш ҳамда жамиятнинг устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан ортиқ акцияларни потенциал инвесторлар мавжуд бўлганда ва улар томонидан гранулаланган хлорли калий, калий сульфати ва калий тузларининг бошқа турларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, юк ташувчи осма йўл ва ташқи электр таъминоти линиялари қурилишини якунлаш бўйича инвестиция, шунингдек, ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан уларни тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали сотиш имкониятини назарда тутган ҳолда танлов савдоларда бозор қийматида;















