Судлар томонидан ярашув институти самарали қўлланмоқда
Амалиётга ярашув институтининг жорий этилиши натижасида кўплаб фуқаролар "қамалган" деган тамғадан халос бўлди, фуқаролар манфаати ишончли ҳамда самарали ҳимоя қилиниши таъминланди.
Ярашув институтининг афзаллиги шундаки, биринчидан, жабрланувчига етказилган зарар тез ва тўлиқ қопланиши таъминланади. Яъни унинг манфаатлари устувор саналади.
Иккинчидан, жиноят содир этган шахс жиноий жавобгарликдан озод этилгани учун судланмаган ҳисобланади. Учинчидан, айбдорни кечириш орқали жазоланмасдан тарбияланади.
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида яшовчи Аҳрор Умаралиев ҳеч бир сабабсиз А. Комилжоновни уриб, унга тан жароҳати етказган. Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, А. Комилжонов енгил тан жароҳати олган. Суд мажлисида А. Комилжонов А. Умаралиев билан ярашганлиги ҳақидаги ариза билан мурожаат этиб, унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, ярашув ихтиёрий равишда бўлганини кўрсатиб ўтди. Суд А. Умаралиевга оид жиноят ишини тарафлар ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатди.
Раҳимжон Мўминов "Паркент" бозорида К. Олимжоновнинг ишончига кириб, 6 минг АҚШ доллари эвазига 14 дона эшик ясаб беришни ваъда қилган. Бироқ у ваъдасида турмай пулни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган. Дастлабки тергов органи томонидан у айбланувчи сифатида жиноят ишига жалб қилинган. Суд мажлисида К. Олимжонов судланувчи унга нисбатан етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплагани ва у билан ярашганлиги ҳақида ариза билан мурожаат этди. Судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, ярашув ихтиёрий равишда бўлганлигини кўрсатиб ўтди. Суд ажримига кўра, жиноят иши тарафлар ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилди.
Яна бир мисол. Яшнобод туманида яшовчи Р. Маншурматов ўз автомашинасида Ф. Тошевани уриб юбориб, тан жароҳати етказган. Дастлабки терговда Р. Маншурматов ва жабрланувчи Ф. Тошева ариза билан мурожаат қилиб, жиноят ишини ярашганликлари муносабати билан тугатишни сўраган.
Суд тарафлар ярашганликлари муносабати билан Р. Маншурматовга оид жиноят ишини унинг айблилик ҳақидаги масалани ҳал қилмасдан ҳаракатдан тугатди.
Судлар томонидан ярашув институтининг самарали қўлланилаётгани инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари устувор қадрият сифатида эъзозланаётганининг яққол тасдиғидир.
Баҳриддин ИКРОМОВ,
жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судининг судьяси.
Мавзуга оид
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
13:02 / 21.08.2024
Суд «Озодлик»ка 100 млн сўм тўлаш ва «газ чайқовчиси» ҳақидаги суриштирув бўйича раддия эълон қилишни юклади
18:36 / 13.08.2024
Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этган аёлнинг эри 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди
16:05 / 03.08.2024