Ўзбекистон Президентининг “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ кимё тармоғида ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурда қуйидагилар назарда тутилган:
- тармоқнинг айрим корхоналари активларини маҳаллий ва хорижий инвесторларга сотиш орқали амалдаги ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва кенгайтиришга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш;
- “Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилий тузилмасини такомиллаштириш ва жамият бошқаруви органларининг мустақиллиги ва масъулиятини оширишга қаратилган корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш;
- кимё тармоғи корхоналарининг фаолияти самарадорлигини ошириш ва молиявий ҳолатини янада яхшилаш.
“Ўзкимёсаноат” АЖ, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат ва “Ўзкимёсаноат” АЖ улушларини қуйидаги тартибда сотиш тўгрисидаги таклифига розилик берилди:
а) инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан потенциал инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш йўли билан:
“Самарқандкимё” АЖ устав капиталидаги 60,35 фоиз давлат акциялари ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 39,65 фоиз акцияларини экологик жиҳатдан зарарсиз замонавий кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш шарти билан “ноль” харид қийматида;
“Қўнғирот сода заводи” МЧЖ устав фондидаги “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 51 фоиз улушини корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини йилига 200 минг тоннадан 450 минг тоннагача ошириш ва янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун инвестицияларни жалб қилиш шарти билан бозор қийматида;
“Қўқон суперфосфат заводи” АЖ устав капиталидаги 70,54 фоиз давлат акциялари ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 25 фоиз акциялари - “Индорама” (Сингапур) компаниясига суперфосфат ишлаб чиқариш қувватини 100 фоиз соф ҳолда 63 минг тоннага етказиш ва янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан 4,3 млн АҚШ доллари миқдорида сотиб олиш қийматида;
б) “Фарғонаазот” АЖ устав капиталидаги 48,05 фоиз давлат акциялари ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 2,95 фоиз акцияларини инвестор томонидан аммиак ишлаб чиқариш қувватини йилига 660 минг тоннага, карбамидни — 600 минг тоннага, аммиакли селитрани - 700 минг тоннага ва азот кислотасини - 530 минг тоннага етказиш бўйича инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан - танлов савдоларида бозор қийматида;















